Афғонистонда яна 2 нафар Британия аскари нобуд бўлди

Афғонистондаги Британия аскарлари
Image caption 2001 йилдан бери Афғонистонда нобуд бўлган Британия ҳарбийлари сони 327 нафарга етган

Британия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, икки британ аскари Афғонистонда юз берган икки алоҳида ҳодисада ҳаётдан кўз юмган.

Улардан бири Ҳелманд вилоятининг Лашкаргоҳ туманида якшанба куни отиб ўлдирилган.

Қироллик денгизчи кучлари аскари эса, Сангин туманида юз берган портлаш туфайли оламдан ўтган. Уларнинг яқинларига бу ҳақда маълум қилинган. Бу билан 2001 йилдан бери Афғонистонда нобуд бўлган Британия ҳарбийлари сони 327 нафарга етган.

Мудофаа вазирлигининг айтишича, мазкур ўлим ҳолларининг ҳозир Ҳелмандда олиб борилаётган "Қора шаҳзода" деб номланган ҳарбий амалиётларга алоқаси йўқ.

Жума куни бошланган амалиётдан мақсад Саидобод шаҳарчаси атрофини исёнкорлардан тозалаш бўлиб, унда юзлаб британ қўшинлари иштирок этишяпти.

Ҳелманддаги Британия ҳарбийлиги воизи ҳаётдан кўз юмган икки аскар хотирасига ҳурмат бажо келтирган.