Покистон: сув тошқинлари боис ўн минглаб инсон ташқи дунёдан узилиб қолган

Покистонда қуқтқарувчилар сув тошқинлари боис бошқа ҳудудлардан узилиб қолган ўн минглаб инсонларга етиб олиш учун курашмоқда.

Покистон шимолида кузатилаётган янги муссон ёмғирлари вазиятни янада ёмонлаштирган.

Минтақа шундоқ ҳам охирги асрларда кузатилмаган ҳалокатли сув тошқинларига гувоҳ бўлаётганди.

Покистон расмийлари қурбонлар сони 1500 дан ортди, дейди.

ЮНИСЕФ жамғармасига кўра, табиий офатдан уч миллиондан ортиқ киши зиён чеккан.

Бутун бошли қишлоқлар, аҳоли масканлари ташқи дунёдан узилиб қолган, тахминан 27 минг инсон нисбатан баланд жойларда жон сақлашга мажбур бўлаяпти.

Расмийлар энг катта қийинчилик йўл ва кўприклар бузилгани сабабли узилиб қолган одамларга етиб бориш бўлаётганини айтмоқдалар.

Сешанба куни - 3 августда яна янги жалалар кузатилган.

Ёғингарчиликлар ёрдам амалиётларини олиб бораётган тикучарларнинг парвозларини бекор қилишга сабаб бўлган.

Аскарлар ҳам сув тошқинларидан жабр кўрган кўплаб минтақаларга етиб боришга имконсиз қолишмоқда.

Янги ёғингарчилик сабаб тобора кўп ҳудудларни сув босиши мумкин деган хавотирлар билдирилаяпти.

Покистон армияси қутқарув ва ёрдам амалиётларига тикучарларини жалб этган, бироқ ҳукумат етарли чораларни кўрмаётгани борасидаги танқидлар кўпаймоқда.

Сват водийсида Покистон ҳукумат кучлари 2009 йилда Толибонга қарши кенг ҳарбий амалиётлар ўтказганидан кейин минглаб биноларни қайта қуришга киришилган эди.

Бу ерда ёғингарчиликлар кўприкларни вайрон этган, кўплаб аҳоли масканлари ташқи дунёдан узилиб қолган.

"Маҳаллий маъмурият умуман ҳеч қандай ёрдам кўрсатаётгани йўқ. Бу ерда бирор бир ташкилот йўқ, мен ҳеч кимни кўрмадим. Чунки 25 та кўприкни сув юқиб кетди. Улар траснпортни кўтарадиган металл кўприклар эди", деб айтган Би-би-си билан суҳбатда Абдуллоҳ исмли талаба.

Табиий офатдан энг кўп зарар кўрган Ҳайбар-Пахтунва вилояти расмий мулозими Аднан Хоннинг айтишича, ўзлари таърифлаш мушкул бўлган қийинчиликларга дуч келганлар.

"Биз охирги 50 йил мобайнида қурган бор инфраструктура вайрон бўлди", деб айтган Аднан Хон.

Ҳозир Исломободга борган Би-би-си мухбири Лиз Дюсет ёзишича, сув тошқинлари ҳар қандай мамлакат учун катта қийинчиликларни келтириб чиқаради, бироқ охирги табиий офат аллақачон иқтисодий инқироз ҳамда Толибон исёнкорлигидан жабр кўраётган Покистонни янада мушкул вазиятга солиб қўйди.

Покистон армиясига кўра, табиий офат оқибатларини бартараф этишга 30 минг аскар ва ўнлаб тикучарларини жалб қилган.

Сув тошқинларидан зарар кўрганларга Толибонга алоқадор исломий гуруҳлар ёрдам бераётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Кўмак ташкилотлари юқумли касалликлар тарқалишидан хавотир билдиришган.

Сват водийсида вабо тарқалганлиги ҳақида хабарлар тарқалган.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотининг Покистон бўйича масъули доктор Аҳмад Фараҳ Шадул ич кетиш, тери хасталиклари, кўз муаммолари, шамоллаш ва безгак хасталикларини олдини олиш учун ҳозирдан чора кўриш зарурлигини таъкидлаган.

БМТнинг болалар жамғармаси ЮНИСЕФга кўра, ҳозир бир миллиондан зиёд болага ёрдам зарур.

Инсонлар ҳозир озиқ-овқат ва ичимлик сувига муҳтож бўлиб турибдилар.

Кўплаб мамлакатлар сув тошқинларидан зарар кўрган Покистонга миллионлаб долларлик ёрдам беришга ваъда қилишди.