Янги сўров: Британиядаги номусулмонлар Исломни қандай тушунишади?

Британиялик муслима

Британияда олиб борилган сўнгги сўров натижаларидан аён бўлишича, сўров иштирокчиларининг аксарияти Ислом дини жамиятга салбий таъсир қилади, деган фикрдалар.

Сўралганларнинг ярмидан кўпроғи эса, "Мусулмонлар террорчилар," деган фикрга қарши эмасликларини баён қилишган.

Деярли барча иштирокчининг назарида, "Ислом динига эътиқод қилувчилар хотин-қизларга жабр-зулм қилишади".

Сўров қатнашчиларидан бири эса, "Ўзига қўйиб берса, барча мусулмонларни бу ердан қувиб чиқарган бўлишини" айтган.

Ярмига яқини, "Аллоҳ," деганда кимнинг назарда тутилишини билмаса, яна шунча фоизчаси Муҳаммад пайғамбарнинг ким эканидан бехабар экан.

Сўров натижаларига кўра, Британиядаги номусулмонларнинг аксарияти Ислом ҳақида ҳеч нарсани билишмайди.

Улардан ярмидан кўпроғи эса, Ислом ҳақида бирор бир маълумот олишни ҳам истамаслигини баён қилган.

Сўралганларнинг деярли барчаси эса, мусулмонлар ўз эътиқодларини бошқаларга ёйишлари лозим эмас, дейишган.

Сўров Британия Исломий таълим ва тадқиқотлар академияси буюртмаси асосида ўтказилган ва 500 киши орасида олиб борилган.

Ислом дини ҳақидаги салбий қарашларнинг бу даражада эканига қарамай, академия умидбахш фикрда.

Академия нуфузли тадқиқотчиси Ҳамза Цорциснинг айтишича, иштирокчиларнинг фикрлари Ислом динидан бехабарликлари асосида шакллангани назарда тутилса, мусулмонлар уларга ижобий таъсир қилишлари мумкин.

Жаноб Цорцисга кўра, "Оҳ, вазият бунчалар ёмон" дейишдан кўра, сўров натижаларидан ижобий мақсадда фойдаланиш истагидалар.

Академия энди кишиларга Исломни ўрганиш, ҳурмат қилиш ва динлар бир-бирига бегона эмаслигини кўрсатиш учун янги имкониятлар яратиш устида иш олиб бормоқчи.

"Мана, ўтган йили глобал молиявий инқироз юз берди. Бирор бир уламо чиқиб, исломий молиявий тизим инқироздан деярли зиён чекмагани, бунинг балки эътиборга лойиқлигини айтдими, йўқ," деркан, жаноб Цорцис одамларга, "Ислом ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олишини кўрсатиш" лозимлигини алоҳида урғулаган.