Кемпбелл "қонли олмослар" бўйича кўрсатма берди

Image caption Наоми Кемпбелл олмослар ҳақида шу кунгача гапиришдан бош тортиб келаётганди

Гаагада Либериянинг собиқ президенти Чарлз Тейлор устидан ўтаётган халқаро маҳкама ишида супермодель Наоми Кемпбелл жаноб Тейлордан фақат бир нечта "кўримсиз" олмос тошларини олганини айтган.

Сиерра Леон можароси бўйича махсус очилган маҳкама ишида Чарлз Тейлор Сиерра Леонда ҳарбий жиноятларни содир қилганликда айбланади.

Қораловчиларга кўра, Тейлор ўн минглаб инсонларни нобуд қилган қуролли жанглар юз берган Сиерра Леондаги исёнчиларни молиялаш учун "қонли олмослар"ни ишга солган.

Тергов маълумотида айтилишича, 1997 йилда Наоми Кемпбелл Жанубий Африка Республикасининг собиқ президенти Нелсон Мандела уйида Тейлор қўлидан бир неча олмос тошини қабул қилиб олган.

Шу вақтгача супермодел айбловчиларга кўрсатма беришдан бош тортиб келаётганди.

"Кичик ва кўримсиз"

"Мен фақат бир нечта тошларни кўрдим. Улар жуда кичик тошлар эди, кўримсизгина," - деди Кемпбелл хоним. У олмослар қаердан олинганини билмаслигини айтди. Прокурор ундан бу тошлар олмос эканини қаерда билганини сўраганида, Кемпбелл тошлар "заргарлик тақинчоқлари учун қутича"да бўлганини билдирди.

Матбуот хабарларига биноан, Кемпбелл мазкур маҳкама ишида ўз хоҳишига қарши иштирок этмоқда. Ҳакамлар агар у рози бўлмаса, унга қарши чора кўрилиши мумкинлиги билан таҳдид қилишган.

Ўтган апрель ойида Кемпбелл АҚШнинг Эй-би-си каналига берган интервьюсида Тейлордан "ҳеч қачон олмослар олмаган"ини ва бу ҳақида умуман гапириш истаги йўқлигини айтганди. Кейинроқ эса Тейлор маҳкама ишига аралашиш истаги йўқлиги, аммо агар жалб қилинса, ўз хавфсизлигидан хавотир олишини билдирганди.

Чарлз Тейлор олмослар савдосидан келган пул билан Сиерра Леонда амал қилган Бирлашган Инқилоб Фронти учун қуроллар сотиб олишда айбланади.

Бирлашган Инқилоб Фронти ҳарбийлари 1991-2001 йилларда юз берган шафқатсиз фуқаролар урушида бегуноҳ инсонларнинг қўллари ва оёқларини чопиб ташлаш билан ном чиқарганлар.

Икки йилдирки давом этаётган маҳкама ишида Либериянинг собиқ раҳбари барча айбловларни буткул рад этмоқда ва уларни "қип-қизил сафсата" деб атаган.

Жаноб Тейлорга қарши ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятларнинг 11та кўриниши бўйича айблов қўйилган.