МДҲда 70 миллион одам ўзга давлатга кетишни истайди - сўров

Image caption Ўзбекистонлик мухожирларнинг аксари ватанга қайтиб яшашни исташади

АҚШда жойлашган Gallup тадқиқот марказига кўра, МДҲ давлатларида тахминан ҳар тўрт кишидан бири (24%), агар имкони бўлса, бошқа давлатда вақтинча ишлашни исташади. 25 фоизи эса ўзга давлатда ўқишни хоҳлайди.

Бу, умуман, 70 миллион одам дегани.

Ундан деярли ярми, яъни 30 миллиони, ўзга давлатга бутунлай кўчиб кетишни истар экан.

Gallup 2009 йилда ўтгазкан оммавий сўров тадқиқоти доирасида МДҲга аъзо 10та давлат, ҳамда тўла аъзо бўлмаган Туркманистон ва собиқ МДҲ аъзоси Гуржистонда фуқаролар фикрини ўрганган.

Ҳар бир мамлакатда, хусусан Ўзбекистонда ҳам, камида 1000 кишидан юзма-юз суҳбатлар орқали фикри ўрганилган.

Жавоблар бир мамлакатдан иккинчисига қараб фарқ қилади.

Масалан, Арманистонликлар орасида ўқиш ёки яшаш учун ўзга мамлакатга кетишни истаганлар сони энг юқори. Арманистонликлар диаспораси жаҳондаги энг йирикларидан бири ҳисобланади. Жаҳондаги арманлар сони Арманистон аҳолисидан юқорироқдир.

Молдованлар ҳам ўзга юртга кўчиш истаги билан арманларга яқин туриши аниқланган.

Сўроққа тутилган молдованларнинг 54 фоизи, арманларнинг 32 фоизи ва беларусларнинг 30 фоизи аллақачон ўзга мамлакатда қариндоши ёки дўстлари яшаётгани ва уларнинг ёрдамги таяна олишларини айтишган.

Сўроққа тутилган ўзбекистонликларнинг фақат етти фоизи ўзга мамлакатдаги дўсти ё қариндошидан молиявий ёрдам олишини билдирган.

Вақтинчалик иш учун кўчиш хоҳиши молдованлар орасида энг кучли экан. Тадқиқотга кўра, ишсизлик даражасининг юқорилиги ва четдан келадиган молиявий кўмакка қарамлик туфайли 53 фоиз аҳоли хорижга вақтинчалик иш излаб кетишни истайди.

Қофқозликлар ва марказий осиёликлар орасида ўзга мамлакатга бутунлай кўчиб ўтишдан кўра, вақтинчалик ишлаш ёки ўқиш иштиёқи кучлироқ экани кўзга ташланган.

Масалан, ўзбекистонликларнинг 24 фоизи иш учун кетишни истаса, фақат 6 фоизи бутунлай ватанни тарк этишни исташи аниқланган.

Тадқиқотга кўра, бу мамлакатлар хорижга кетишни истаётган ўз фуқароларини зарур билим ва ҳунар билан таъминлаши керак, чунки ортга қайтадиган фуқаролар ўз ватанлари фаровонлиги учун сармоядир.

Меҳнат мухожирлари нафақат ўзга давлатдан юбориб турадиган молиявий ҳиссаси билан қадрли, балки уларнинг салоҳияти ўзга мамлакатда орттирган тажрибаси ва билими билан ҳам юқори бўлиши айтилади.

Gallup сўрови хулосасида, мазкур топилмаларга асосланиб мухожирлар ватани ва улар боришни истаган мамлакатлар орасида мухожирлар ҳаракатини осонлаштириш йўлида икки томонлама келишувлар йўлга қўйилиши муҳимлиги урғуланади.