Россияда ёнғинлар давом этмоқда, қурбонлар 50га етди

Image caption Миллионлаб гектар экинзорлар қуруқчилик ва ёнғинлардан зарар кўрмоқда

Россия Бош Вазири Владимир Путин ҳароратнинг мисли кўрилмаган даражада кўтарилиши ва миллионлаб гектар экинликлар қуриб қолиши ортидан буғдой эскпортига вақтинчалик чеклов киритган.

Буғдойнинг четга сотилиши 15-августдан декабрь ойигача тўхтатилади.

Аввалроқ Россия қишлоқ хўжалиги вазирлиги буғдой экспортини чеклаш режаси йўқлигини айтганди.

Экинликлар нафақат қуруқчилик, балки Россиянинг баъзи ҳудудларида авж олган ўрмон ёнғинлари таъсиридан ҳам катта зарар кўрган.

Айни дамда аҳоли орасида ёнғинларни тўхтатиш ва аҳолига етказилаётган зарарни бартараф этиш бўйича ҳукумат етарли чоралар кўрмаётгани борасида шикоятлар ошган.

Кеча Россия Президенти Дмитрий Медведев Сочидаги дала ҳовлисидан Москвага учиб келган ва Хавфсизлик Кенгаши билан фавқулодда мажлис ўтказган.

Мажлисда жаноб Медведев хавфсизлик кучлари раҳбарларига бир қатор қаттиққўл буйруқлар берган.

Медведев мажлис қатнашчиларини шиддатлироқ амал қилишга чақирган.

Россия президенти аллақачон ҳарбий денгиз флотининг бир қатор юқори даражали мулозимларини лавозимидан четлатган.

Image caption Бош Вазир Путин жойларга бориб, зарарни чамалаб кўраётир

Президент уларга Москва ташқарисидаги ҳарбий денгиз флоти базасига ўрмондан ёнғин ўтиб, катта кўламда база мулкини вайрон қилгани учун масъулиятни юклаган.

Россия флоти базасидаги ёнғин бўйича "йирик зарарга етаклаган бепарволик" моддаси бўйича жиноий иш очилган.

Кеча, шунингдек, Свердловск вилоятидаги "Денежкин Камень" табиат қўриқхонасида 1,5 минг гектар ўрмоннинг ёниши ва Нижегород вилоятидаги Выксунский туманида ёнғинлардан 20 инсон нобуд бўлиши бўйича жиноий ишлар қўзғатилган.

Москва тутуни

Пойтахт ташқарисидаги ўрмон ёнғинлари тутуни ичида қолган Москванинг баъзи қисмларида пайшанба тонгига келиб тутун бироз озайган.

Лекин, шунга қарамай, кўчалардан куйган ҳид аримаган, баъзи одамлар ҳали ҳам рўмолчалари билан оғиз ва бурунларини ёпиб олишган, ёки дока ниқоблар тақишган.

Оҳирги маълумотга биноан, Россия ҳудудида умумий ҳисобда 188,5 минг гектарга ёйилган 520та ёнғин манбаи мавжуд.

Ёнаётган ўрмонларнинг 24тасидан 13таси Москва вилояти ҳудудида.

Ўтган 24 соат ичида инсоний қурбонлар сони 50 кишига етган.