Горбачевга беш хил бўтқа ҳам камлик қилса, Путинга мева-чевадан олинг

Image caption Анатолий Галкинга кўра, Кремлнинг бугунги соҳиблари кўпроқ мева-чева, кўкату сабзавот ейишади

Ўз вақтида Леонид Брежнев, Михаил Горбачев ва Борис Ельцинларнинг шахсий, ҳозир эса, Оқ Уйнинг Бош ошпази бўлган Анатолий Галкин давлат раҳбарларининг кўнгли нималарни тусашини бошқалар билан ўртоқлашган.

Кремль таомларига оид янги китобининг тақдимот маросими чоғида жаноб Галкин бу каби юқори мартабали сиёсатчиларнинг давлат ташрифлари чоғида ва оддий ҳаётларида нималарни танаввул этишларини айтиб берган.

Аён бўлишича, Михаил Сергеевич нонуштага беш хил бўтқа тайёрлашни сўраган. Вақти-вақти билан қиттаккина коньякдан ҳам ўзини қисмаган. Лекин ичганда ҳам, фақат "ўзимизники"ни ичган. Ўзи учун янги бўлган ҳамма нарсани татиб кўрмоқчи бўлган.

Ельцин жаноблари(ҳозирда марҳум) лось гўштини маъқул кўрган бўлса, Оқ Уйнинг бугунги соҳиблари кўпроқ соғлом овқатланиш тарафдори эканлар. Буёғи мева-чева, кўкату сабзавот дегандек,..

Кремль Бош ошпазининг айтишича, Россиянинг жорий раҳбарлари собиқ ҳамкасбларидан фарқли тарзда деярли ёғлиқ овқат буюришмайди. Ичганда ҳам, фақат қизил ёки оқ шароб ичишади.

Меню эса, анча олдин тайёрланади. Асосий овқат учун беш хил танлов кўрсатилади, нимани танлашни эса, давлат раҳбарининг ўзи ҳал қилади.

Дейлик, Михаил Сергеевич менюга "Шўрва керак эмас, пирожноени ўзинг е," деб ёзиб қолдирарди, дейди ўша кунларни эсларкан жаноб Галкин. Унга кўра, айниқса, Раиса Максимовнанинг кўнглини топиш қийин бўлган.

Леонид Ильич эса, бизга жудаям меҳрибон эди, ҳаммамиз билан алоҳида сўрашарди, муаммомиз бор-йўқлиги билан қизиқарди, дейди унинг собиқ ошпази.

Зиёфатлар-чи?

Анатолий Галкинга кўра, расмий зиёфатлар ғирт оврўпочасига уюштирилади. Лекин россиячасига тўкин-сочинлигидан столларнинг бели синай дейиш даражасига боради.

Ичимликлардан эса, фақат Россияда ишлангани тортилади.

Жаноб Галкин оврўполик казоларнинг этикетларига ўрганиш учун, ҳатто, қайта қуриш йилларида Британия қироличаси Елизавета Иккинчининг саройида ҳам муайян муддат хизмат қилган экан.

Кедр ёнғоғи билан тўлдирилиб, устига махсус соус қуйилган қулупнайли десерти учун қироличанинг ўз қўлидан кумушдан ишланган сервиз олишга ҳам муваффақ бўлади.

Бадиий чекиниш учун узр сўраган ҳолда, яна асосий гапга қайтсак:

Анатолий Галкиннинг айтишича, давлат раҳбарларига ошпазлик қилиш осон иш эмас.

Сиз уларнинг кўнгли нимани тусашини билишдан ташқари, шифокор ва диетологларнинг ҳам тавсияларига амал қилишингиз лозим бўлади, дейди у.

Кремль Бош ошпазига кўра, хорижий сафарлари чоғида ҳам давлат раҳбарларига овқатни ўзи тайёрлайди.

Овқат учун керак бўлган барча маҳсулотлар, ҳатто, сувни ҳам Россиядан олиб кетади.

Президент таомининг сифати ва хавфсизлигига ҳам айнан Бош ошпаз жавоб беради. Овқатни давлат раҳбарига тортишдан аввал 30-40 маротабагача татиб кўраман, ҳаттоки, 50 граммчасини бир сутка асраб ҳам қўяман, дейди жаноб Галкин.