Гуантанамонинг энг ёш маҳбуси маҳкамага тортилмоқда

Image caption Обама ҳали ҳам бу мубоҳасали қамоқхонани ёпиш ваъдаси устидан чиққани йўқ

АҚШнинг террор гумондорлари сақланадиган Гуантанамо Бей қамоқхонасидаги энг ёш маҳбус ҳарбий маҳкамага тортилмоқда.

Умар Қодир саккиз йил аввал Афғонистондаги отишма чоғида қўлга олинганда атиги 15 ёш бўлган.

У Афғонистон шарқида Америка аскарига граната отиб, уни ўлдирганликда айбланади.

Бу оҳирги бир неча ўн йилликда вояга етмаган кишининг илк марта уруш жиноятларида айбланиб, маҳкамага тортилиши бўлмоқда.

Мазкур маҳкама иши Барак Обама президентлиги остида ўтаётган илк маҳкама ишидир.

Президент Обама Гуантанамо қамоқхонасини шу йил январигача ёпишини ваъда қилганди.

Бугунда 23 ёшида бўлган Умар Қодирнинг ўзи аскарни ўлдирганига иқрор бўлиши учун қийноққа тутилганини даъво қилади.

Унинг ҳарбий ҳимоячилари у Афғонистондаги терговчилар томонидан қийналгани, хусусан унинг бошига халта кийдирилиб, кишанларга солиниб, жинсий зўрлаш таҳдидига тутилганидан сўнг айбловга иқрор бўлганини айтишмоқда.

Умар Қодирни Афғонистонга асли мисрлик отаси олиб келган. Иддао қилинишича, отаси Усама Бин Лодиннинг яқин ҳамкорларидан бири бўлган.

Умар Қодир, шунингдек Кобулдаги ал Қоида жамлоқларида тайёргарликдан ўтганликда ва АҚШ аскарларига қарши миналар ўрнатганликда айбланади.

Собиқ президент, Жорж Бушнинг Террорга қарши Уруши рамзи деб кўрилган Гуантанамо Бейни ёпиш бўйича Президент Обама берган ваъда муддати тугаганидан бери олти ой ўтди.

Бироқ, бу ваъда АҚШ ҳукуматидаги ўзаро қонуний ва сиёсий келишмовчиликлар туфайли ҳали амалга оширилмади.

Гуантанамо Бейда 176 эркак сақланмоқда. Умар Қодир уларнинг энг ёшидир.