Россия ёнғинлардан 15 миллиард зарар кўрди

Image caption Россия соғлиқни сақлаш расмийлари одамларга иложи борича кўчага чиқмасликни тавсия қилишган, аммо ҳаёт давом этмоқда

Илк ҳисоб-китобларга кўра, Россияда июль-август ойларида юз берган ўрмон ёнғинларидан кўрилган иқтисодий зарар ички ялпи маҳсулотнинг 1 фоизи, яъни 15 миллиард долларга тенгдир.

Бу ҳақида Россияда чоп этилувчи бизнес рўзномалари HSBC ва Уралсиб банклари мутахассисларидан иқтибос келтириб ёзишган.

Гап фақат бевосита сарф-харажатлар ва қисқа муддатли иқтисодий оқибатлар ҳақида кетмоқда.

"Коммерсант" газетаси ёзишича, Россиядаги жазирама иссиқ ва ёнғинларга боғлиқ зарар бўйича ҳисобот йил охирида чиқади.

Ёнғинлар давом этмоқда

Москва вилоятида ёнғинни ўчириш бўйича йирик авиацион гуруҳ тузилмоқда. Ҳаво шароитлари имкон бериши биланоқ учоқлар ва тикучарлар ёнғин устидан сув сочиш учун ҳавога кўтарилиши кутилади.

Россия Фавқулодда Вазиятлар Вазирлигига кўра, ана ўшанда барча ёнаётган ўрмон ва чангалзорларни бир кунда ўчириш мумкин бўлади.

Москва вилоятида табиий ёнғинларнинг 70та манбаи сақланиб қолмоқда. Энг қийин вазият вилоятнинг шарқи ва жануби-шарқида. Шунингдек, Шатурский, Егорьевский ва Зуевский туманларида ҳам аҳвол ўта абгор.

Image caption Москваликлар осмон узра офтобдан айрилган бўлса, чекка ҳудуддагилар бошпанасидан айрилди

Россиянинг ёнғин кетган бошқа ҳудудларида вазият бироз нормаллашгани хабар қилинади. Фавқулодда Вазиятлар Вазири Сергей Шойгуга кўра, Липецк, Тула ва Белгород вилоятларида барча ёнғинлар ўчирилган, Тамбовда битта, Ивановский вилоятида икки ёнғин давом этмоқда.

Москва вилояти ва яна олтита ҳудудда эълон қилинган фавқулодда вазият ҳолати сақланиб қолмоқда.

Шамол

Москвада сешанба тонгига келиб ўрмон ёмғирлари тутуни бироз сусайган, аммо куйги ҳиди ҳали аримаган.

Душанба куни москваликлар шамол йўналиши ўзгаргани туфайли бироз енгилроқ нафас ола олишди.

Кеча пойтахтдаги ҳаво таркибида куйги газининг миқдори аввалгидан кўра икки бараварга озайган.

Бироқ, кечқурунга яқин шамол йўналиши яна ўзгариб, Москвага тутун уфурган.

Москвада савдо қиладиган ўзбекистонлик аёлнинг Би-би-сига айтишича, бугун Москвада енгилроқ нафас олиш мумкин.

Унинг айтишича, ўтган бир неча кун ичида тутундан кўплар қаттиқ қийналди.

"Овқат ҳам еб бўлмасди, иштаҳа йўқ эди, тутунга кўзларимиз ачиб, томоқларимиз қичиб, жуда кўп одамлар ёмон бўлди. Метрода кўп одамлар ҳушидан кетди," - дейди у.

У тутун билан боғлиқ муаммолар савдонинг ҳам белига тепганини айтади.

"Одам келмайди, умуман одам йўқ. Одам бўлмаганидан кейин, мажбурмиз, молларни арзон бериб юбораяпмиз. Бир кийимни 1200 рублга сотган бўлсам, тутун вақти 800га бервордим. Ижарани пулини чиқаришимиз керак," - дейди савдогар аёл.