Қуръони Карим ва замонавий технология

Қуръоннинг ажойиб қироати ва нусхасини бугунги кунда битта тугмани босиш билан олишингиз мумкин.

Имом Ажмал Масрур ўзини техника "жинниси" санайди. Ажмалнинг фикрича, интернетдан Қуръон оятлари ва уларнинг таржимасини қўл компютери ва ё қўл телефонларига кўчиришнинг ҳеч қандай ёмон тарафи йўқ ва бу жуда осон: Ажмал Масрур: Жуда осон. Гууглга борасиз ва қўл телефони учун Қуръон деб ёзасиз. Қидирувга боссангиз, экранда жуда кўплаб программалар пайдо бўлади. Мана, масалан, мана бу ерда Қуръонни қўл телефонларига ҳар қандай тилда кўчириб олиш мумкинлиги ёзилган. Ичкарисга кирсангиз, қатор танловлар беради. У ердан ўзингизга керак бўлган қисмларни қўл компютерингиз ёки қўл телефонингизга осонгина кўчириб олишингиз мумкин.

Би-би-си: Бу Сизга нимага керак? Нима учун бундай қиласиз?

Ажмал Масрур: Нима учун қилмай? Бу жуда қулай. Сиз йўлдасиз, метрода кетяпсиз, автобусдасиз, айни пайтда ўқишни истайсиз, масалан, мен бир жойда маъруза қилишим керак, аммо қўлимда китобим йўқ, шундай пайт қўл телефонимга қарайман ва осонгина тайёрланишим мумкин. Жорий ҳафтанинг дам олиш кунлари мен Шотландияда эдим. Қуръон китобимни ўзим билан олиб кетганим йўқ. У ерда кимдир Қуръонни қироат қилди ва мен уни таржима қилишим керак эди. Дарров қўл телефонимни очдим, у ерда таржима бор эди, уни ўқиб бердим қўйдим. Буларнинг бари ҳаётимизни осонлаштириш, қулайлаштиришга хизмат қилади. Замонавий дунёда нима учун мавжуд замонавий нарсани инкор қилишингиз керак?

Би-би-си: Қуръондан ўзгача усулда фойдаланиш билан муқаддас китобга муносабатингиз бошқача бўлаётгандек туюлмайдими?

Ажмал Масрур: Менинг назаримда, муайян анъанавий қарашда китобга ҳурмат борасида нотўғри нуқтаи назар мавжуд. Қуръон чиройли муқова ёки матога ўраб токчанинг тепасига қўйиб қўйилади, чанг босади ва ўқилиши лозим пайт чангни тозалаб ўқилади ва қайтариб яна жойига қўйилади. Мен учун эса, Қуръон жонли нарса ва қаерда бўлсам у мен билан, у менинг хотирамда, қалбимда, кундалик ишимда, ҳамма жойда мен билан бирга. Қуръонни биз билан яшашини таъминлаш учун энг яхши йўл қайси? Масалан, мен компютер олдида ўтириб, интернетдаги мана бу саҳифадан сўз асосида қидиришим мумкин. Сўзни инглизча ёзаманми, арабчами, интернет мени керакли бобга олиб боради. Айни пайтда бу саҳифадан мавзу асосида ҳам излаш осон. Бундай усул ёшлар учун қизиқарли, менинг назаримда. Хуллас, китобга ҳурмат ҳар доим бор, бу жонли ҳурмат.

Би-би-си: Келинг, мана шу жонли ҳурмат масаласига диққат қаратайлик. Мен вояга етаётган пайтимда Қуръони Каримга алоҳида эътибор билан қаралган. У доим токчанинг тепасида турмаган, чунки мунтазам ўқиларди. Аммо, унинг устига нарса қўйилмасди, у ерга, оёқ остига қўйилмасди. Энди лаптоп, қўл компютерини оладиган бўлсак, одамлар кўп ҳолларда унинг устига ҳар хил қоғозлар қўядилар, сумкаларида олиб юрадилар, сумкаларини эса, ерга қўядилар. Сиз Қуръонни ўша лаптопга кўчирган бўлсангиз, бу қандай ишлайди?

Ажмал Масрур: Аввало, одамлар Қуръонни ерга эмас, столга қўйиш керак деган ғояни қаердан олганлар? Ҳа, Сиз уни ўқиганингиздан кейин, бошқа нарсалардан баландроққа қўйишингиз керак. Китоб жавонигами, юқори токчагами, бошқа жойдами, фарқи йўқ. Бундай одамлар Қуръонни ўқишдан кўра, у билан токчаларини безаб қўйишни афзал кўрмайдиларми? Аммо, бизнинг фойдаланиш усулимиз айримлар томонидан танқид қилинади. Аммо, бу замонавий технология. Менинг бармоғимдан кичикроқ ҳажмда 16 Гбли хотира картам бор. Бутунбошли Қуръон, Пайғамбар ҳадислари ва бошқа турли турдаги китобларнинг барчаси унинг ичида. Бу каби замонавий дунёда нима учун китобни кўтариб юришингиз керак? Уларни уйда сақланг. Менинг каттагина кутубхонам бор. Айни пайтда ундан фойдаланишни осонлаштиринг, дунё глобал қишлоққа айланди. Қуръон глобаллашди. Бу Қуръонга ҳурматсизлик эмас, аксинча. Чунки, мен ундан ҳар куни фойдаланаяпман.

Би-би-си: Аммо, сизнинг бу қарашингизга қарши бўлган одамлар ҳам борми?

Ажмал Масрур: Агар Пайғамбар бугун ҳаёт бўлганида, у энг замонавий технологиядан фойдаланган бўларди. Пайғамбар ўз даврининг энг замонавий кишиси бўлган. Ислом ёки Қуръонни тушуниш, унинг абадий ва ҳар қандай замонга мос эканини англаб етишдир. Агар одамлар замонавий дунёдан қўрқсалар, бу Қуръоннинг барча замонларга мос экани борасидаги муждага зиддир. Бу 21-аср. Компютерлар ҳақиқат, улар хаёлий нарсалар эмас. Улардан фойдаланишнинг энг яхши усули нима? Билим олиш, одамларни рағбарлантириш, руҳлантириш, даволаш, диний китобларда айтилган барча яхши амалларни қойилмақом қилиб бажариш учун нима қилиш керак? Комютердан фойдаланинг, лаптопдан фойдаланинг, қўл телефонини қўлланг. Уйдаги катта копютеримда намоз жадвали киритилган. Намоз вақти бўлган пайтда у ўз-ўзидан ишлаб кетади ва азон айтади. Бундан буён уни масжиддан эшитишим шарт эмас, ё-да, будильник қўйиб қўйишим шарт эмас. Азонни болаларим ҳам эшитадилар ва бу уйда маданий урф-одатга айланади. Лаптопингиздан ва қўл телефонингиздан Қуръонни тинглашингиз мумкин.

Би-би-си: Сизнинг техникага бўлган қизиқишингиз аниқ, аммо ҳеч қачон ўйлаб кўрганмисиз, техникадан фойдаланиш ниманидир бой берилишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида. Биз техникадан ҳаддан зиёд фойдаланиш билан нимани йўқотишимиз мумкин?

Ажмал Масрур: Менинг назаримда, бу асоссиз қўрқув. Нима учун эканини тушунтириб берсам: рақамли технология кириб келаркан, одамлар ҳамма китоблар рақамли шаклга ўтиши ҳақида гапирдилар. "Китобларнинг барчасини бой берасиз, одамлар орасида ижтимоий муносабатлар йўқолади, ҳамма нарса компютерлашади", дейишарди. Ундай бўлмади. Китоблар ҳали ҳамон шу ерда ва нашриётлар ҳар қачонгидан кўпроқ китоблар чоп этмоқда. Менимча, китоблар инсон ҳаётининг бир қисми сифатида ҳар доим сақланиб қолади. Қалам билан ёзиш, қўлёзмалар барчаси яшаб қолади. Биз уларни ҳеч қачон йўқотмаймиз. Хуллас, биз нимадир йўқотаяпмиз деб ўйламайман. Айримлар баъзи маданий анъаналар бой берилиши эҳтимолидан қўрқишлари мумкин. Аммо, бу жуда ёмон нарса эмас. Маданиятлар ўзгаради. Биз олдинга қадам ташлаймиз. Мен Қуръони Каримни мутлақо ҳурмат қиламан. Мен у билан яшайманми? Ҳа. У мен учун жонли ҳақиқатга айланганми? Ҳа. Чунки, менда рақамли Қуръони Карим бор. Мен ҳеч кимни ўз усулимга зўрламоқчи эмасман. Техника шу ерда ва уни ўзи учун қулай деб кўрган ҳар қандай киши фойдаланиши мумкин.