Барак Обама Нью-Йоркдаги масжид ғоясини қўллаб-қувватлади

Оқ Уйда ташкил этилган Рамазон ифторлиги

АҚШ Президенти Барак Обама Нью-Йоркдаги 2001 йил ҳужумларига нишон бўлган ҳудуд яқинида маданий марказ ва масжид қуришга оид баҳсли режани қўллаб-қувватлаган.

Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан Оқ Уйда берилган зиёфатда гапирган Президент Обама мусулмонлар бошқа америкаликлар каби диний эркинликларга эга эканини айтган.

2001 йил ҳужумларида қулаган эгизак миноралар жойига яқин бинолардан бирида масжид барпо этиш лойиҳасининг мухолифлари буни 11 сентябр қурбонлари хотирасига ҳурматсизлик эканини даъво қиладилар.

Президент Барак Обама баҳсли Манхеттен масжиди режаси борасида илк бор изоҳ бераркан, бу масаланинг нозик масала эканини тан олди.

Жаноб Обамага кўра, ибодат маскани қуриш имконига эга бўлиш Америка фуқароларининг асосий ҳақ-ҳуқуқларидан биридир.

"Бу Америка ва бизнинг диний эркинликларга оид мажбуриятларимиз мустаҳкам бўлиши лозим", деди Барак Обама.

Унга кўра, Америкада ҳар қандай динга мансуб кишига бир хилда муносабат қилиш ўта муҳимдир. Лойиҳа мухолифлари, жумладан, Нью Йоркдаги 2001 йил сентябр ҳужумларида яқинларини йўқотганлар масжид қурилишини тўхтатишга урингандилар.

Президент Обама айтишича, Американинг диний сабр-тоқатлилиги анъанаси "душманларникидан фарқ қилади".

Америкаликлар "Ал-Қоида" каби экстремистик гуруҳлар билан оддий мусулмонларни адаштирмасликлари керак, деб айтган жаноб Обама.

"Ал-Қоида"нинг ғоялари Ислом эмас, унинг қўпол бузилиши" деган АҚШ президенти.