Ироқдаги худкушлик ҳужуми 50 дан зиёд инсон умрига зомин бўлган

Ироқ расмийларига кўра, Бағдоддаги армияга ёллаш марказида содир этилган худкушлик ҳужуми оқибатида 50 дан зиёд инсон ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Ушбу ҳужум август ойининг охирида Америка Қўшма Штатлари Ироқдаги жанговор амалиётларини тугатишга тайёрланаётган пайтга тўғри келган.

Шунингдек, бу ҳалокатли ҳодиса Ироқда март ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида кўп овозларни қўлга киритган икки партия раҳбарлари коалицион ҳукумат ташкил этиш мақсадидаги музокараларини орқага сурганларидан бир кун ўтиб рўй берган.

Ироқда энг кўп қон тўкилиши рўй берган 2006-2007 йилларга солиштирганда кейинги йилларда зўравонликлар сони камайган, бироқ тинч фуқаролар ўлими сони 2010 йилнинг июлида бирдан кўтарилиб кетди.

Август ойининг бошидан буён деярли ҳар куни Бағдод ва Анбар вилоятларида кузатилган Ироқ армияси ва йўл полицияси ходимларига қарши уюштирилган ҳужумлар оқибатида 30 га яқин инсон ҳалок бўлди.

Би-би-сининг Бағдоддаги мухбири Хюж Сайкес хабар қилишича, худкушлик ҳужуми Саддам Ҳусайн ҳукмронлиги йилларида Мудофаа вазирлиги биноси бўлган жойда содир этилган.

2003 йилдаги АҚШ ишғолидан кейин собиқ Мудофаа вазирлиги армия базаси ва ёллаш марказига айлантирилган.

Ҳужум эрталабки гавжум соатда юз берган, бу пайтда Бағдод марказидаги автобус станцияларидан бирига яқин бўлган армияга ёллаш маркази атрофидаги кўчалар ҳам гавжум бўлган.

Бу эса худкуш ҳужумчининг армия марказига осон ўтиб олишига ёрдам берган.

Мухбиримизга кўра, ёллаш марказида хоҳловчилар кўп бўлган.

Ироқда ишсизлик даражаси юқори - қарийб 60 фоизни ташкил этади, шу сабаб инсонлар қанақа бўлмасин, иш топишга ҳаракат қиладилар.

Портлашдан кейин қўшинлар ҳодиса жойини ўраб олишган, бироқ Бағдоддаги мухбиримиз айтишича, кўчаларда инсон жасадлари қолдиқларини кўриш мумкин.

Ҳалок бўлганлар орасида бир неча аскар борлиги хабар қилинган.

АҚШ Ироқдаги қўшинлари сонини шу ой охирида 50 мингга тушириб, 2011 йил охирида эса барча қўшинларини олиб чиқишга тайёргарлик кўрмоқда.

Мамлакатдаги тўла хавфсизлик назоратини Ироқ армияси ихтиёрига топширишга тайёрланаётган пайтда армия сафини тўлдиришга ҳаракат қилинмоқда, шунинг учун ҳар ҳафтада армияга 250 киши қабул қилинади.

Ироқ армияси етакчи зобити Америка қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш қанчалар тўғри бўлади деган саволни кўтарган, Ироқ ҳарбийлари вазиятни назорат қила олмасликлари мумкинлигини айтган.