Россия АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетишидан хавотирда - таҳлилчи

Image caption Ғарб Афғонистонда қанчалар "ботқоққа" ботган бўлмасин, Россия учун Ғарб қўшинларининг Афғонистонда қолиши маъқулроқ

Москва Ғарбнинг Афғонистондаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган, аммо ҳозирга қадар АҚШ ва НАТО юкларига йўлак очиб бериш билан чекланиб келади. Сочида ўтаётган учрашувда Президент Медведев Афғонистон ва Покистон раҳбарларига ёрдам беришга тайёр эканини айтар экан, Россиянинг Афғонистон борасидаги янги ташаббуси ортида нима турибди? Би-би-си бу савол билан Москвадаги МДҲ институтидан Андрей Грозинга боғланди.

Грозин: Биласизми, Американинг 2011 йил ўрталаридан бошлаб Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни бошлаши ҳақидаги баёноти Москвада ҳозир ҳаммани жиддий ташвишга солиб қўйган. Оврўполиклардан Голландия аллақачон қўшинларни олиб чиқиб кетишни бошлагани маълум. Тўғри, Россия Афғонистондан бир неча минг чақирим узоқда. Аммо, бизнинг Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз - Тожикистон ва Ўзбекистон Афғонистонга қўшни ва улар ғарб давлатларининг Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетишидан янада жиддийрок хавотирга тушиши табиий. Айнан америкаликлар Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг нима бўлади деган масала бугунги Сочи учрашуви марказидаги масала. Бу нарса нафақат Россия, балки бизнинг Хитой ва Ҳиндистондаги ҳамкорларимизни ҳам безовта қилаётганига ишонаман.

Би-би-си: Аммо, сиз айтаётган хавотирларга қарамай, Москва Афғонистонга ҳозирга қадар аниқ ҳарбий ёрдам бериш, масалан, у ерга ўз қўшинларини юборишдан бош тортиб келаяпти. Нима учун?

Грозин: Москва учун воқеаларнинг бу каби ривожи номақбул. Бунинг бир неча сабаблари бор. Россия раҳбарияти қандайдир ҳарбий контингентни жанубга юбориш мамлакатнинг ўзида яқинлашиб келаётган сайловлар нуқтаи назаридан бир қатор муаммоларни келтириб чиқаришини яхши билади. Иккинчидан, Россия ўзи истаган тақдирда ҳам Афғонистонга қўшин киритиб, у ерда америкаликлар ёки оврўполиклар қилаётган ишнинг уддасидан чиқолмаган бўлар эди. Бу ҳам молиявий, ҳам ҳарбий-стратегик жиҳатдан Москванинг қўлидан келмайдиган нарса. Биз Афғонистонга, ҳозирда муҳокама қилинаётгани каби, вертолётлар етказиб беришимиз ёки афғон полициясини тайёргарликдан ўтказишимиз мумкин, аммо бундан ошиқ нарса қилишимиз қийин. Афғонистон Россия учун ҳам, Тошкент ёки Душанбе учун ҳам бирдек бошоғриқ, аммо америкаликлар бир неча йилдан буён ботиб турган афғон ботқоғига оёқ қўйишни ҳеч ким хоҳламайди.

Би-би-си: Лекин, аслида Москва учун устивор вазифа Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш эмас, балки чегарадаги Москва таъсири остида бўлган Марказий Осиё давлатлари сарҳадларида нисбий барқарорликни сақлаб туриш эмасми?

Грозин: Ҳа, мен саволнинг бу каби қўйилишига қўшиламан. Ҳозирги шароитда Москва Афғонистондаги вазиятнинг тўла барқарорлашуви имконсиз эканини жуда яхши билади. Буни Тошкентда ҳам, Душанбе ёки Остонада ҳам яхши англайдилар. Шунинг учун ҳозирча биз америкаликларнинг Афғонистонда ўзларини қандай тутишларига қараб мўлжал олаяпмиз. Бу яхшими, ёмонми, бу бошқа масала. Ҳозирча америкаликлар Афғонистонда экан, улар қанчалик депсиниб турган бўлмасин, бу Россияда ҳаммани қониқтиради. Аммо, америкаликлар Афғонистондан чиқиб кетишни бошлашдими, бу Россия учун бир дунё муаммолар деганидир. Россия Афғонистондан Марказий Осиё давлатлари сарҳадларига келаётган таҳдидни жуда жиддий қабул қилади. Чунки Россиянинг ўзида ҳокимият вертикали қанчалик мустаҳкамланган бўлмасин, жанубий минтақалар, хусусан, Шимолий Қофқоздаги жангарилар муаммоси ҳал бўлаётгани йўқ. Россия бу икки нарсани ўзаро боғликликда кўради ва ҳақиқатда ҳам шундай.

Би-би-си: Аммо, иккинчи томондан Россия Американинг минтақада узоқ вақт қолишини ҳам хоҳламайди. Акс ҳолда Марказий Осиёдаги АҚШ ҳарбий базаларига қаршилик қилмаган бўлар эди. Шундай эмасми?

Грозин: Биласизми, бу ерда иккита нарсани бир-биридан ажратиш керак. Американинг Манас аэропортида бўлиши битта нарса, унинг Бағромда туриши бутунлай бошқа нарса. Чунки Москва Марказий Осиёни ўзининг ҳаётий муҳим манфаатлари бўлган минтақа сифатида кўради. Шунинг учун ҳам АҚШнинг Манасдаги ҳарбий базаси Москвада кўпчиликнинг жиғига тегиб келади. Аммо, бир вақтнинг ўзида, дейлик, Кобул ёнидаги Бағромда америкаликларнинг нима қилаётгани билан Москвада кўпчиликнинг иши йўқ.