Исроил ва Фаластин бевосита музокараларни бошлаши кутилади

Image caption Ғазо ишғоли энг баҳсли масалалардан бири бўлиб қолмоқда

АҚШ Давлат Котиби Хиллари Клинтон Исроил ва Фаластин ўртасида бевосита тинчлик музокаралари бошланишини эълон қилиши кутилади.

Унинг баёнотида илк учрашувнинг Вашингтонда сентябрь ойи бошларида бўлиб ўтиши ҳам айтилади.

Икки томон бир неча ойдирки воситачилар орқали музокаралар ўтказиб келишаётганди.

Бу музокаралар давомида фаластинликлар Вашингтоннинг маълум кафолатисиз бевосита музокарага кирмасликларини айтишса, исроилликлар эса ҳар қандай илк шартларни рад қилишган.

Фаластин бош музокарачиси Сойиб Эрекат Би-би-сига тўғридан-тўғри тинчлик музокаралари учун асослар кўрсатилган баёнотни кутаётганини айтди.

АҚШ, Оврўпо Иттифоқи, Россия ва БМТ томонидан баёнот бугун кечқурун чиқарилиши керак.

Охирги мустақил музокаралар 9 йил олдин бошланганди.

Бу сафар, таҳлилчиларга кўра, Исроил ва Фаластин раҳбарлари музокаралар вақти юзасидан келишганлари муҳим.

Аммо, кўптарафлама битимга эришиш имкониятлари жуда кам. Жуда кўп муҳим масалаларда жиддий келишмовчиликлар мавжуд. Энг нозиклари яҳудий келгиндилари учун ноқонуний турар-жойлар қуриш ва Фаластин давлати 1967 йилги оташкесим пайти чизилган жабҳа чизиқлари асосида барпо этиладими йўқми деган масалалардир.

Оддий одамлар тинчлик ўрнатилиши тарафдорилар. Ноам Бедеин Ғазо чегараси яқинида жойлашган Сдерот шаҳарчасидан. Шаҳарча Ғазо Бўлгасини назорат қилаётган Хамас жангарилари томонидан ракета билан мунтазам нишонга олиб турилади.

"Бу ерда яшовчи қарийб ҳар бир киши яқинида ракета портлаганига гувоҳ бўлган. Бошимдан кечирганларимдан чиқиб айтадиган бўлсам, Ғазодан Исроилга ракета отиларкан, ҳаётингизни сақлаб қолиш учун 15 сония вақтингиз бўлади. Бу 15 сонияда нима қила олишингизни билмайсиз. Айтишим мумкинки, Сдерот аҳолиси битта нарсани истайди - ўз она шаҳарларида тинчлик ва хавфсизликка эга бўлишни," - дейди Ноам Бедеин.

Чегаранинг нариги томонидан ғазолик Ияд ал Сирож ҳам тинчликни исташини айтади.

"Мен ўз ватанимда бутун ҳаётимни худди аввалгидек ва баъзида хорижга сафарларда бўлган пайтларимдагидек нормал ўтказишни истайман. Ўзимни рисоладагидек ҳис қилишни, тенг ҳуқуқли инсондек ҳурмат қилинишимни хоҳлайман. Охирги 40 йил ичида тўсатдан бомбардимон қилинишимиз, ҳисбга олишлар ва қийноқлар оддий ҳол бўлиб қолди, буни аввал Исроил расмийлари бошлаганди, энди эса Фаластин расмийлари давом эттираяпти. Нормал ҳаёт йўқ," - дейди Ияд ал Сирож.