КХШТ саммити Каримовсиз ўтади

Image caption Норасмий саммит Севан кўли бўйидаги Арснакар меҳмонхонасида ўтади.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари норасмий саммит доирасида учрашиш учун Арманистон пойтахти Ереванга йиғилишмоқда.

Россия Президенти Дмитрий Медведев пайшанба оқшомида Ереванга расмий сафар билан келган.

Би-би-сига гапирган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Москвадаги матбуот хизмати вакили Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов саммитда иштирок этмаслигини билдирди.

Ўзбекистон президентига чет эл сафарларида хамроҳлик қиладиган ўзбекистонлик мухбирнинг айтишича, "жиддий масала" ҳал қилиниши кутилмагани туфайли ўзбек раҳбари Ереванга бормайди.

Ташкилотга Россия, Беларусь, Арманистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон аъзодирлар.

Бугун тонгда Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева Ереванга учиб кетган.

КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнутдиновга кўра, саммитда асосий эътибор Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш чораларига қаратилади.

Кузатувчиларга кўра, мазкур масала, айниқса қирғиз жанубида Ўш ҳокимининг расмий Бишкекка бўйсунишдан бош тортиши ва унинг тарафдорлари намойишлари давом этаётгани ҳисобга олинса, бугунда ташкилот учун ўта долзарб ҳисобланади.

Саммит арафасида Арманистон давлат телевидениесига интервью берган Россия Ташқи Ишлар Вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Қирғизистонда юзага келган вазият КХШТ заҳираларини ишга солишни тақозо этмайди, чунки бу Қирғизистоннинг ички сиёсатига боғлиқ вазият.

Ташкилот Қирғизистондаги июнь зўравонликлари ортидан қирғиз хавфсизлик кучларини қўшимча таъминлаш, маслаҳатчи ва мутахассиларни йўллаш каби чораларни қабул қилган.

Аммо, ҳозирда Дмитрий Медведев раислик қилаётган ташкилот Роза Ўтинбоеванинг Қирғизистонга қўшимча кучлар киритиш сўровини рад этган.

Ўзаро ҳарбий ёрдам ва ҳамкорликни таъминлаш мақсадида барпо этилган ташкилот келажакда Қирғизистондаги каби қонли воқеаларни бартараф этишда қандай самарали чора кўриши мумкинлиги борасида саволлар юзага келган.

Би-би-сининг Еревандаги мухбирига кўра, Қирғизистон томонидан йўлланган рўйхатда ҳарбий тикучарлар, оғир зирҳли техника, ўқотар қуроллар, ва тартибсизликларни бостириш учун махсус воситалар сўралмоқда.