Жанубий Покистоннинг тобора катта ҳудуди тошқинлар остида қолган

Покистон жанубидаги сув сатҳи кўтарилаётган ҳудудлардан ўн минглаб инсонлар ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар.

Покистон жанубида тошқин сувлари сатҳи тобора кўтарилиб, Синдх вилоятидаги янада кўп шаҳарларни сув босиш таҳдидини пайдо қилган.

Шаҳдадкот шаҳрида бўлган Би-би-си мухбири хабар қилишича, сувни тўсиб турган дарё қирғоғидаги дамба ёрилиши хавфи кучайган.

Дарё қирғоғидан тошса, янада кўп ҳудудни сув босиши мумкин.

Тошқиндан жабр кўрган ҳудудлардаги саломатлик муаммоларини ҳал қилиш учун Покистон Бош вазири Юсуф Резо Ғейлоний фавқулодда мажлис чақирган.

БМТ огоҳлантиришича, ҳозирги шароитда 3 миллион бола хасталикка чалиниши мумкин.

Би-би-си мухбири Ребекка Кесби Суккур шаҳридаги жамлоқда жон сақлаётган одамларни бориб кўрган.

"Мен бўлган жамлоқдаги бу одамларнинг айтишларича, улар сув тошқини ўз уйлари, қишлоқларини вайрон қилишидан атиги бир неча дақиқа қочиб қолишга улгуришган. Улар қўлларига илашган нимарсалари билан жон ҳолатида қочишган... Тошқину-сув босишларнинг илк кунларида бу одамлар энг аввали ўз жонларини сақлашга ҳаракат қилганлар. Эндиликда эса келаси бир неча ой ва эҳтимолки йилларни қандай ўтказиш масаласи кўндаланг..."

"Мен палатка - чодирларлардан бирига кираман, узунлиги уч, эни эса икки метрдан кўп эмас. Менга айтишларича, бу ерда 25 дан 30 га қадар одамлар жон сақлашмоқда. Мен бир ҳомиладор аёлга кўзим тушади. У тўққиз ойлик ҳомиласи борлигини айтади. Келаси ўн кун ичида кўзи ёришини кутмоқда бу аёл...

Мен ундан "бунақа жойда фарзанд кўришдан хавотирланаётган бўлсангиз керак-а?", деб сўрайман.

"Белим қаттиқ оғрияпти. Бу оғриқдан ҳатто ухлолмаяпман. Ҳеч қанақа тиббий шароит йўқ бу ерда", дейди бу аёл.

Бошқа бир аёл эса, озиқ-овқат ҳам келмаётгани, юк машиналарининг ортидан югуриб қўлга илашганини олиб келишаётгани ҳақида айтади.

Шунга қарамай, бизни полиция ходимлари ҳам, ёрдам ташкилотлари ходимлари ҳам калтаклашади, ёрдам келган машиналарнинг олдидан қувиб солишади. "Мана жазоларингни олинглар энди, сизлар бетартиблик қилганингиз учун ҳеч нарса берилмайди", дейишади деб зорланади бошқа бир аёл.

"Менинг икки ўғлим бор эди. Бири нобуд бўлди. У овқат қидириб ёрдам машинасининг орқасидан югурган... Машина туртиб кетган боламни. Шифохонага келдик. Аммо пулимиз йўқ эди. Доктор бизни госпиталдан қувиб юборди. Болам ўлди", дейди тошқиндан омон асраган боласини нон деб йўқотганини айтаётган аёл.

Айрим болаларнинг юзларига тошма тошиб кетган. Одамлар сўнгги бир неча кун ичида ювинишмаганини айтишади, деб хабар қилади ҳозир Синдх вилоятида бўлган Би-би-си мухбири.