Покистонда касаллик тарқалиши таҳдиди жиддий

Покистон бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний ҳалокатли сув тошқинлари ортидан юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида саломатлик мулозимлари билан учрашган.

Покистондаги тошқинлар оқибатида миллионлаб одамлар бошпанасиз қолган.

Ҳозирда сув тошқинлари Балужистон минтақаси томон юраётгани хабар қилинади.

Уйсиз қолаётганлар орасида турли юқумли касалликлар тарқаши мумкинлигидан қўрқув бор.

Кўп ҳудудларда шифокорлар ич кетиш ва вабо каби касалликлар авж олишига қарши курашишга қурбилари етмаётганини айтишмоқда.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти сув тошқинлари 17 миллиондан ошиқроқ одамга таъсир қилганини айтган, ҳозирда мамлакатнинг бешдан бир қисмини тошқин сувлари вайрон қилган.

Яна тошқинлар юз беришидан хавотирлар мавжуд, Ҳайдарободдаги Ҳинд дарёси охирги эллик йил ичидаги энг юқори даражага кўтарилган, у кўтарилиб боришда давом этиши кутилади.

БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги ходими Андрей Махечич Синд вилоятидаги Якобобод шаҳрининг 80 фоиз ҳудуди бир ярим метрлик сув остида экани ва сув жанубдаги Балужистон сари тез суръатларда оқиб бораётганини айтган.

Женевада берган матбуот анжуманида жаноб Махечич Шаҳдаткот ва Синд вилоятларида тошқинлар янги таҳдид туғдираётганини билдирди.

"Шаҳдадкотда янги таҳдиддан огоҳлантирдик, Торри ва Бегари каналларидаги сув тошиб, қирғоқларидан чиқиб кетган.

Тўрт юз минг аҳолига эга бўлган шаҳарнинг баъзи қисмлари буткул сув остида қолиши мумкин.

Расмийларга кўра, Синд вилоятидагина уч миллион олти юз минг одам ҳозир уйсиз қолган ва бу кўрсаткич келгуси кунлар ичида яна ўсиши кутилади, деди БМТ вакили.

Сув тошқинлари аллақачон бир минг олти юз инсонни ўлдирган, бироқ миллионлаб омон қолган одамлар сув орқали юқувчи вабо каби касалликлар хавфи остида қолишмоқда.

Бош вазир Юсуф Ризо Ғилоний бугун юқори даражали шифокорлар, соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари, Бирлашган Миллатлар вакиллари ва ноҳукумат ташкилотлар ходимлари билан учрашади.

Мажлис кун тартибидаги энг асосий масала касалликлар тарқалишининг олдини олишдир.

Би-би-си мухбири Жил Макгиверинг хабар қилишича, табиий офат ортидан етарли чора кўрмасликда айбланиб келаётган Покистон ҳукумати бу мажлис билан ўз амалиётларини яхшироқ мувофиқлаштирмоқчи.

Мухбиримиз бориб кўрган ҳудудларда одамлар тери қичиши, сувсизлик ва ич кетишдан тинкаси қуриган одамларга шифокорлар ёрдам беришга қийналишмоқда.

Бошпанасидан айрилган ҳомиладор аёллар йўл чеккаларида ҳеч қандай тиббий ёрдамсиз туғишга мажбур бўлишмоқда, дейди мухбиримиз.