Покистондаги халқаро кўмак ходимларига Толибон таҳдид солмоқда

Қўшма Штатлар юқори мартабали расмийси Толибон сув тошқинлари жабрдийдаларига ёрдам етказаётган хорижликларга ҳужум уюштиришни режалаётганидан огоҳлантирган.

Расмий бу ҳақда Би-би-си билан суҳбатда гапирган. Унинг айтишича, “Исломободдаги федерал вазирлар” ҳам хавф остида бўлишлари мумкин.

Айни пайтда сув тошқини жанубий қирғоқлардаги ҳудудларни ҳам ўз домига тортаркан, минглаб одамлар ўз уйларини ташлаб чиқишмоқда.

БМТнинг айтишича, қаттиқ ёғингарчилик ортидан юз беган тошқинлардан 17 миллион инсон зиён кўрган ва 1,2 миллион уй-жойлар вайрон бўлган.

'Ҳужум режалари'

"АҚШ ҳукуматига етиб келган маълумотларга кўра, Теҳрики-Толибон Покистондаги ёрдам амалиётларида иштирок этаётган хорижликларга ҳужумлар уюштиришни режаламоқда”, деб айтган ўз номини ошкор этишни истамаган АҚШ мулозими.

"Шу билан бирга Теҳрики-Толибон Исломободдаги федерал ва вилоят вазирларига ҳам ҳужум қилишни кўзлаётган бўлиши мумкин”, дейди у.

Би-би-сининг Вашингтондаги мухбири Жеймс Рейнолдснинг айтишича, Қўшма Штатлар Покистондаги сув тошқинларига алоқадор ҳужумлар ҳақида илк бор огоҳлантиришидир.

“Мазкур огоҳлантириш Американинг Покистондаги ёрдам саъй-ҳаракатларига қанчалар таъсир қилиши мумкинлиги қоронғу”, дея қўшимча қилади Би-би-си мухбири.

Америка Қўшма Штатлари Покистонга инсонпарварлик ёрдамлари ва кўмак гуруҳлари йўллаган бир қатор мамлакатлардан бири.

АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги ҳозиргача сув тошқинлари жабрдийдаларига 150 миллион долларлик ёрдам етказганини маълум қилган.

Одамлар қишлоқларни тарк этишмоқда

Сал олдинроқ ҳарбий ёрдам саъй-ҳаракатларида иштирок этаётган АҚШ генерали Покистонга етиб бораётган ёрдамлар ҳеч қандай хавфсизлик муаммоларига дуч келмаётганини айтганди.

"Уч ҳафталик фаолиятимиз давомида хавфсизлик таҳдидларига гувоҳ бўлмадик”, дейди мутбуотга гапирган Генерал Майкл Нагата.

Шунингдек, расмий Покистон ҳарбийлиги уларнинг кучларини “ҳимоя ва хавфсизлик билан таъминлашда жуда самарали” иш қилганини қўшимча қилган.

Қатор мамлакатлар, жумладан Қўшма Штатлар Покистонга 700 миллион доллардан кўпроқ ёрдам ваъда қилган.

Шимолий минтақаларда сув тошқинлари ортга чекинаркан, тозалаш ишлари бошланган.

БМТ халқаро ҳамжамиятга ташқи дунёдан узилиб қолган 800 минг инсонга кўмак етказиш учун кўпроқ вертолётлар етказишни сўраб мурожаат қилган.

Айни пайтда жанубий Синдҳ вилоятидаги Татта минтақасида ўнлаб қишлоқлар сув тошқинлари остида қоларкан, 200 мингга яқин инсон хавфсизроқ жойларга кўчирилган.