Британия олимлари буғдой геноми таркибини аниқладилар

Британияда олимлар тарихда биринчи марта буғдойнинг геномини аниқлашга муваффақ бўлишган.

Улар мазкур тадқиқот олимларга буғдойнинг янги навларини яратишга ёрдам беришини айтишмоқда.

Буғдойнинг янги турлари қурғоқчилик ва касалликларга дош бериши ва бу билан ҳосилдорлик ўсиб, ошиб бораётган талабни қондириши мумкинлиги айтилади.

Ливерпул университети олимлари "Хитой баҳори" деб номланган буғдой навининг ДНКсидаги молекулаларнинг 95 фоизининг жойлашувини аниқлаганликларини айтмоқдалар.

Бу маълумотлар бу навнинг бошқа турини яратишда асқотиши мумкин.

"Буғдой геноми ҳақидаги билим ўсимликнинг янги турларини етиштиришни тезлаштириш ва янада самарали қилиш имконини беради. Бу нарса бизнинг кунларимизда жуда муҳим. Чунки илм-фан озиқ-овқат тақчиллиги муаммосига жавоб топиб бера олмаяпти", деб айтган Ливерпул университети тадқиқотчилари раҳбари Майк Беван.

Охирги йилларда картошка, маккажўхори ДНКлари таркибини аниқлаш имкони туғилган.

Олимларга кўра, буғдой геноми шу пайтгача фан ўрганиб чиққан геномлар орасида генетик маълумоти энг кўп бўлган геном ҳисобланади.

Буғдой ўсимлигининг қадимий аждодлари узоқ ва мураккаб бўлгани учун унинг генида ахборот кўп, бу ахборот инсон ДНКсидаги ахборотга нисбатан беш баравар кўп дейишади мутахассислар.

Бу йил жаҳон ғалла бозори учун мураккаб йил бўлди.

Об-ҳаво яхши келмагани учун дунёдаги энг йирик буғдой экспорт қиладиган мамлакат Канадада ғалла ҳосили аввалгига қараганда кам бўлиши кутилмоқда.

Узоқ ёғингарчилик ва тошқинлар Покистон ва Хитойдаги ғалла ҳосилларининг анчасини нобуд қилган.

Ёзнинг қуруқ келгани боис Россия буғдой экспортини маън этди, бу эса жаҳон бозорида буғдой нархи кўтарилишига сабаб бўлди.

Дунёда ғалла етишмай қолиши борасидаги хавотирлар юзага келди.

Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, 2050 йилга бориб инсониятнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўладиган эҳтиёжини қондириш учун қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини 50 фоиз ошириш талаб қилинади.

Маккахўхори ва буғдой етиштиришни яхшилаш бўйича халқаро марказ вакили Мэтью Рейнолдс фикрича, ғалла экинлари геномидаги маълумотлардан фойдаланишни билиш жаҳондаги буғдой тақчиллигини тенг ярмига камайтириш мумкин.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/