Индонезияда вулқон уйғонгани туфайли аҳоли кўчирилган

Индонезиянинг Суматра оролидаги Синабунг вулқони 400 йилдан кейин яна уйғонган.

Атмосферага кул ва тутун тарқаяпти, Суматрада истиқомат қиладиганлар эвакуация қилинганлар.

Вулқон куллари катта масофага тарқалгани боис минтақадаги маҳаллий ҳаво парвозлари тўхтатилган.

Синабунг тоғига энг яқин шаҳар Медан бўлиб, унинг аэропортидан учоқларни учирмасликка қарор қилинган.

Тахминан 1600 йилларда биринчи марта кўтарилган Синабунг вулқони шу пайтгача "уйқуда" бўлганди, у якшанба куни кул ва тутун тарқата бошлаган.

Индонезия ҳукумати вулқоншуноси жаноб Сурононинг Би-би-сига айтишича, душанба тонгида вулқон кучи янада кучайган, кул ва тутун икки километрча баландликка сачрамоқда.

Расмийларнинг хабар қилишларича, Синабунг вулқонининг олти километрлик радиусида истиқомат қиладиганлар вақтинчалик жамлоқларга кўчирилганлар.

Расмийлар йигирма мингдан зиёд одам кўчирилганини, уларга бошпана ва тиббий кўмак берилаётганини айтишган.

Айрим инсонлар нафас олиш йўллари билан боғлиқ муаммоларга дуч келганлар.

Одамларга кул ва тутундан ҳимоя қилишлари учун минглаб юз ниқоблари тарқатилган.

Индонезия Ер сайёраси қитъалари кесишган жойда жойлашган, шунинг учун ҳам Индонезияга тегишли ороллар сейсмик фаол ҳисобланади ҳамда тез-тез вулқонлар отилиб туради.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/