Голливуд юлдузи Майкл Дуглас саратонга қарши курашаётганини ошкор этди

Майкл Дуглас
Image caption Майкл Дуглас Дэвид Литтерман олиб борувчи телевизион шоулардан бирида саратонга қарши курашаётганини эътироф этди

Майкл Дуглас томоқ саратонига қарши "саккиз ҳафталик" кураш билан рўбарў бўлаётганини ошкор этди.

Дунёнинг энг машҳур кино юлдузларидан бири биопсия ташхиси унда тез суръатларда ривожланувчи "тўртинчи даражали саратон" борлигини аниқлаганини айтди.

Саратонга чалингани уч ҳафта муқаддам аниқланган Майкл Дуглас икки ойлик радиация ва кимёвий терапиянинг икки ҳафтасини ўтказганини маълум қилди.

Актёрга кўра, буткул соғайиб кетиш учун унда 80 фоиз ва ҳаттоки ундан ҳам кўпроқ имконият бор экан.

Без томоқ устида жойлашгани учун "умидларимиз катта," деди Майкл Дуглас.

Голливуд юлдузи ёз бошида томоғи шишиб кетиши ортидан қатор текширувлар ўтказгани, бироқ уларда ҳеч нарса аниқланмаганини айтди.

Аммо ёзги таътилдан кейин актёр биопсия ўтказади ва унда ўта тез суратларда ўсаётган саратон борлиги аниқланади.

Image caption Актёрлар икки ёш фарзандга эга

Машҳур киноактриса Кэтрин Зета Жонсдан икки ёш фарзанди бўлган Майкл Дуглас аввалги текширувлар пайтида шифокорларнинг ҳеч нарса топа олмаганидан ранжиганини айтди.

"Мен ёз бошидан буён томоғимга бир нарса бўлган, деб шикоят қилиб келаётгандим, лекин улар ҳеч нарса топа олишмади," дейди актёр.

Ўтган ҳафта Дуглас ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Диандра Дугласнинг адвокатлари ўртасида тортишувлар бўлиб ўтди.

Майклдан 2000 йилда ажрашган Диандра актёрнинг бўлажак "Wall Street" фильмидан оладиган даромадининг тенг яримига даъвогарлик қилмоқда.

Ажралиш ажримига мувофиқ, Диандрага Майкл билан яшаган даврларида олинган фильмлар даромадига шериклик қилиш изни берилган эди.

Бу Диандрага актёрнинг янги олаётган фильмига шериклик қилиш имконини яратди.

Диандра Дугласнинг даъво қилишича, "Гордон Гекко" роли 1987 йилда суратга олинган фильм қаҳрамони саргузаштларининг давомидир.

Нью-Йорк маҳкамаси айни шикоят бўйича ҳозирча ҳеч қандай ажрим чиқаргани йўқ.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/