'Москвада муҳожирлар содир этаётган жиноятлар сони ортмоқда'

Россиядаги муҳожир ишчилар
Image caption Россиядаги муҳожирлар кўпда ҳимоясизлар...

Москва расмийлари меҳнат муҳожирлари орасида жиноятчилик кўпаяётганидан ташвиш билдиришмоқда. Мулозимлар муҳожирлар орасида, хусусан, оғир жиноятчилик ҳоллари ортганини айтишади.

Москва вилояти прокуратураси тергов қўмитаси келтирган рақамларга кўра, ҳар 9 жиноятнинг бирини ноқонуний меҳнат муҳожири содир этади. Москва ҳокими Юрий Лужковнинг айтишича эса, Россия пойтахтидаги жиноятларнинг 40 фоизи муҳожирлар ҳисобига тўғри келади.

Айни вақтда Россия Федерал миграция хизмати расмийлари ва экспертлар ушбу даъволарни рад этиб келишади. Москва вилояти прокуратураси тергов қўмитаси эълон қилган сўнгги рақамлар бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида хорижийлар содир этган жиноятлар кўлами олдинги йилга қараганда 4,5 фоиздан ошган.

"Ярим йил давомида Москва вилоятида хорижийлар 59та қотиллик ва 32та зўрлаш каби жиноят ҳолларида айбдор деб топилган", дейилади Москва вилояти прокуратураси тергов қўмитаси ҳисоботида.

Ўз навбатида ҳуқуқ фаоллари ва мутахассислар ушбу рақамларнинг ҳақиқийлигига шубҳа билан қарашади.

Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский ўз чиқишларининг бирида: "Россияда содир этилган жиноятларнинг атиги 4 фоизини меҳнат муҳожирлари содир этади", деб айтганди. Константин Ромодановскийнинг фикрича, муҳожирлар Россияга асосан ишлаш мақсадида келишади ва кам жиноят содир этишади.

Москвалик ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроевга кўра, муҳожирлар аксар ҳолларда қўрқитиш туфайли, рус тилини яхши билмасликлари ва ҳимоясизликлари натижасида ўзлари содир этмаган жиноятларга иқрор бўлишади.

"Россия ҳудудида муҳожирларга нисбатан сохталаштирилган айбловлар кўпаймоқда. Биз бундай ҳолларни кузатаяпмиз. Охирги ойларда марказий осиёлик муҳожирларни узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этиш кўпаймоқда дейиш мумкин. Аксар ҳолларда муҳожирларга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарилади", дейди Баҳром Ҳамроев. Бундан икки ҳафта олдин Ўзбекистон фуқароси Султон Қодировга берилган 23 йиллик қамоқ жазосига оид ҳукмни кўриб чиққан Ёқутистон Олий маҳкамаси қуйи маҳкама қарорини ўз кучида қолдирди.

Ёқутистон Маҳкамаси 25 ёшли Султон Қодировни ёқут аёли ва унинг 13 яшар қизини пичоқлаб ўлдирганликда айбдор топиб, уни 23 йилга озодликдан маҳрум этган.

Ёқутистон Олий маҳкамаси қароридан олдинроқ Би-би-си билан телефон суҳбатида Султон Қодиров қотилликка қўл урмагани ва қийноқ остида жиноятга иқрор бўлганини билдирди.

Султон: "Милиция ходимлари мени уриб, жонимдан тўйдиришди. "Агар "мен ўлдирдим", деб ёзмасанг, "ўзингни ўлдирамиз" деб қўрқитишди. Жуда қўрқдим ва жиноятни бўйнимга олишга мажбур бўлдим", деб айтди Султон Қодиров. Ҳозирда Москвада яшаётган ҳуқуқ фаоли Светлана Абдуллохўжаева аввал Ўзбекистонда ҳимоячи бўлиб ишлаган. Унга кўра, Россияда ноҳақ маҳкамага тортилган меҳнат муҳожирларини ҳеч ким ҳимоя қилмайди.

"Муҳожирлар орасида 500 рубль учун қамоқда ўтирганлар бор. Қамалган муҳожирлар сони жуда кўп. Россия тергов изоляторлари муҳожирларга тўлиб тошган. Милиция ходимлари марказий осиёлик муҳожирларга жуда шафқатсиз муносабат қилишади. Мана яқинда Хабаровскда милиция ходимлари бир ўзбекистонлик ака-укани калтаклаб, бирини ўлдирганини Россия телеканаллари орқали кўрсатди. Ўзбекистонликлар Россияда эгасиз, ҳақ-ҳуқуқсиз", дейди Светлана Абдуллохўжаева.

Ўз навбатда Москва шаҳар маҳаллий кенгаши депутати Петр Милосердов Россияда мигрантларга нисбатан қаттиққўл муносабат кўрсатилишини рад этади. Унга кўра, Россия ҳудудида муҳожирлар содир этаётган жиноятлар сони борган сари кўпаймоқда.

"Мигрантлар содир этаётган жиноятлар расмийлар айтаётган рақамлардан анча юқори. Муҳожирлар Россияга ҳар қандай йўл билан пул ишлаш мақсадида келишади ва ҳеч нарсадан ўзларини тийишмайди. Улар Россия ҳудудида жуда кўп жиноят содир этишади. Россия ҳокимияти Марказий Осиё ва Қофқоздан келаётган муҳожирлар йўлига тўсиқ қўйиши керак. Агар бундай қилинмаса, жиноятчиликка оид вазият янада ёмонлашади. Қийноқлар масаласига келсак, тергов изоляторларида фақат меҳнат муҳожирлари эмас, Россия фуқаролари ҳам қийноққа солинади", дейди депутат ва сиёсатчи Петр Милосердов.

Айни вақтда Москванинг Қозон вокзалида мен билан суҳбатлашган бир гуруҳ ўзбекистонликларнинг айтишларича, вокзал ҳудудида ноҳақ қамалиб кетаётган ўзбекистонликларни на Ўзбекистон элчихонаси ва на бирон бошқа идора ҳимоя қилади.

Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси расмийлари Россияда юрган ўзбекистонлик муҳожирлар муаммолари хақида Би-би-сига гапиришдан одатдагидек бош тортишди.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/