Рим Папаси Бенедикт XVI Британияга расмий сафар билан келди

Папани Британия қироличаси Елизавета II ўз расмий қароргоҳида кутиб олди
Image caption Папани Британия қироличаси Елизавета II ўз расмий қароргоҳида кутиб олди

Рим католик черкови олий раҳбари Бенедикт XVI Британияга тўрт кунлик сафарини бошлади. Шотландия пойтахти Эдинбургга келиб қўнган Папани Британия қироличаси Елизавета II ўз расмий қароргоҳида кутиб олди.

Папани кутиб олиш маросимида Ватикан мадҳияси ижро этилган. Бу Рим Папасининг Британияга илк расмий сафаридир. Учоқда келаётган пайти журналистлар билан суҳбатлашган Папа католик руҳонийлари ёш болаларни жинсий таҳқирлаш ҳолларига қўл урганлари ҳақидаги хабарлардан даҳшатга тушгани ва ўта афсусда эканлигини билдирган.

Руҳонийлар томонидан норасидаларни жинсий таҳқирлаш, ҳомилани олдириб ташлаш ва бесоқолбозликка қарши Рим черковининг мавқеъи Папанинг сафарига қарши кайфиятларни кучайтирган. "Маълум бўлишича, Папа ўз сафари давомида руҳонийлар томонидан жинсий таҳқирланган инсонлар билан ҳам учрашади", деб хабар қилади Би-би-си мухбири.

Рим папаси Бенедикт XVI бундан аввалги уч хорижий сафари чоғи ҳам шундай қилганди. Аммо, учрашувлар ҳақида аввалдан эълон қилинмаслиги ва улар ёпиқ эшиклар ортида ўтказилиши айтилмоқда.

Бу амал Рим католик черкови ва Папанинг Британияга сафарига қарши ғазабнок кайфиятларни тарқатиш йўлидаги самарали қадам сифатида кўрилмоқда.

Аммо, Шотландия католик черкови раҳбари кардинал О'Брайенга кўра, биргина бу каби мулоқотлар билан жинсий таҳқирлашлар олдини олиш ва Папа сафарига соя солиб турган улкан муаммони йўқотиш имконсизлигини айтган. Кардиналга кўра, Папа ўз нутқлари ва ё ваъзларидан бирида муаммони албатта тилга олиши керак.