Қуръонни ёқиш режаси жаҳонда қораланмоқда

Америкадаги насроний руҳонийси ўз тарафдорлари билан бирга келаётган шанба, 11 сентябр куни Қуръон китобини ёқиш режаси дунёда қораланмоқда.

Флориданинг Гейнсвил шаҳридаги черков руҳонийси Терри Жонс 2001 йил 11 сентябр ҳужумларининг тўққиз йиллиги санасини муқаддас китобга ўт қўйиш маросими билан нишонлаш режасини эълон қилган.

Халқаро миқёсда бу амал қораланаётганига қарамасдан пастор Терри Жонс ўз режасини тарафдорлари билан амалга ошириш ниятидан қайтмаслигини айтган.

Пасторнинг элликтача тарафдори бор.

Бу насроний уламо ўз иши билан ҳеч қандай хато иш қилмаяпмиз деб ўйлайди. Терри Жонс ва унинг тарафдорлари "зўравонликни тарғиб этадиган Исломга қарши шу аснода норозилик билдирмоқдамиз", деган фикрда.

"Биз ўз уйимизда, қўлимиздаги ўзимизга тегишли нарсалардан норозилигимизни билдириш йўлида ишлатмоқчимиз. Бизнингча, Ислом бу зўравонликни тарғиб этувчи дин. Агар кимдир Инжилни ёқса, масалан, биз элчихоналарга ҳужум қилиш, ҳаммаёқни хонавайрон этиш ёки калисо черковларга олов бериш таҳдиди билан чиқмаймиз", деб айтади руҳоний Уэйн Сап.

Аммо ушбу амалга қўл уриш баёнотлари аллақачон юқори доираларда норозилик уйғотди.

Бу режани АҚШнинг юқори мартабали генераллари қаттиқ қоралаб чиқишди.

Айрим исломий ўлкаларда эса ғазаб жўшмоқда.

Агар муқаддас Қуръонга дахл қилинса, бу амал Ислом дунёси ва Ғарб ўртасидаги адоватни жуда кучайтариб юбориши эҳтимоли кўпчиликни қўрқувга солмоқда.

АҚШ ташқи ишлар вазирлиги биносида Рамазон муносабати билан ифторлик дастурхони ташкил этилган, унда сўзлаган Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон бу амални жирканч деб атади.

- Флоридадаги бир руҳоний муқаддас Қуръонни ёқаман деган хабари тарқалиши билан овқат устида ҳам шуни муҳокама этдик. Бундайин беҳурмат ва жирканч ишга қарши Америкадаги насроний ва яҳудий раҳбарлари қарши чиқишаётгани мени илҳомлантирди, - деди Ҳиллари Клинтон.

Таҳлилчиларга кўра, Каломуллоҳни ёқиш режаси, мусулмон оламига қарши салбий мужда тарқатади.

Уларнинг хавотирланишича, исломий ўлкалардаги одамлар назарида барча америкалик ёки барча христиан бирдек кўриниши мумкин.

Кўпчилик эндиликда мусулмонларга мурожаат этиб, бу каби фитна ва иғволарга учманг, дея босиқликка чақираётир. Улардан бири Шимолий Америка исломий жамияти раҳбари Ингрид Маттсон.

"Бошқа юртлардаги мусулмонлар айрим экстремист христианларнинг овозларини эшитгандирлар. Бу одамлар мусулмонлар ва Ислом динидан нафратланамиз деб бақиришмоқда. Аммо улар бутун Америка номидан гапиришолмайди. Улар Христиан ва яҳудий динларини намоён этишмайди", деди Ингрид Маттсон.

Сўнгги пайтларда 11 сентябрда нишонга олинган қўш бино яқинида исломий марказ ва масжид қуриш режаси Америка жамиятида аксилислом қарашларини кучайтирди.

Аммо Қуръонни беҳурмат қилишни мусулмонлар ўта ҳассос ва ғазаб билан қабул қилишлари тайин.

Олдинроқ айрим Оврўпо мамлакатларида Муҳаммад пайғамбар ҳажв қилинган суратлар ва аксилисломий руҳда тасвирга олинган фильмлар Ислом дунёсини ғазабга солган эди.

Ушбу саҳифа пастидаги форма ёки uzbek@bbc.co.uk электрон почта манзилига мактуб йўллаб, пастор Терри Жонс режасига муносабат билдиринг

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/