Эрдўған партияси референдумда ғалаба қозонди

Image caption Референдум исломий ва дунёвий қарашлар ўртасидаги зиддиятни яна бир бор жунбишга келтирди

Туркияда конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича ўтказилган референдумнинг норасмий натижаларига кўра, Бош Вазир Ражаб Тойиб Эрдўған рақиблари устидан 58 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. Расмий натижалар душанба кунининг иккинчи ярмида эълон қилиниши кутилади.

Референдум натижаси жаноб Эрдўғаннинг сиёсий мавқеини янада кучайтирмоқда. Референдум олдидан олиб борилган тарғибот унинг учун осон кечмади - бош мухолифат партияси уни маҳкамалар устидан назоратни қўлга олишга уринишда айблади.

Референдумда овоз берганлар сони юқори бўлган. Фақат Туркия жануби-шарқида курд бўлгинчилари референдумни бойкот қилишга чақириши ортидан, овоз бериш суст кечган.

Мазкур ғалаба жаноб Эрдўғанга келаси йил ўртасида ўтиши мўлжалланган умумхалқ сайловларида учинчи муддатга сайланишга кўпроқ имкон беради.

У, шунингдек, конституцияга яна янги ўзгартиришлар киритишга уринишда давом этишини, бироқ бу сафар мухолифат билан муросаага келишга ҳаракат қилишини айтган.

Истанбулдаги мухбиримизга кўра, Эрдўған жанобларининг ғалабасига қарамай, кўп дунёвий турклар томири сиёсий Исломга бориб тақаладиган ҳукуматдаги Адолат ва Тараққиёт Партиясидан шубҳа қилишда давом этишмоқда.

Адолат ва Тараққиёт Партияси бир неча бор ўзларини Туркиянинг дунёвий қадриятлари посбонлари деб биладиган юқори даражали маҳкамалар билан тўқнашган.

Мухолифатга кўра, режадаги 26та конституциявий ўзгартиришдан иккитаси ҳукуматга адлия тизими устидан керагидан ортиқ қудрат беради.

Амалдаги конституция 30 йил аввал, 1980 йилнинг 12 сентябрида ҳукуматни тўнтарган ҳарбий гуруҳ томонидан тузилган.

Ислоҳотларга биноан, фуқаролик маҳкамалари ҳарбийларни давлатга қарши жиноятлар учун судлаш кучига эга бўлади.

Аёллар ва эркаклар тенглиги кучайтирилиши, болалар, кекса ва ногиронларни камситиш ман этилиши кўзда тутилади.

Ишчиларга биттадан кўпроқ касаба уюшмасига қўшилиш ҳуқуқи берилади, сиёсий мақсаддаги намойишларга қўйилган чеклов олиб ташланади.