Москвада инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ёппасига текширилмоқда

Image caption Россияда мухолиф руҳдаги чиқишлар тоқат қилинмайди

Москва шаҳар прокуратураси нотижорий ташкилотлар, айниқса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг молиявий фаолиятларини ёппасига текширишни бошлаган.

Душанба кунидан бошлаб 20дан ортиқ ташкилот Москва туман прокуратураларидан турли ҳужжатлар тақдим этилиши сўралган мактублар олишган.

Ташкилотлар орасида Москва Хелсинки гуруҳи, Human Rights Watch ташкилотининг Россиядаги бўлими, "Мемориал", Transparency International Russia, Демократия ва Инсон Ҳуқуқларини ривожлантириш маркази, "Голос" уюшмаси ва бошқалар бор.

Афтидан текширувга юз тутаётган идораларнинг барчаси ё халқаро ноҳукумат ташкилотларнинг Россиядаги ваколатхонаси ҳисобланади, ёки асосан халқаро грантлар билан молияланади.

Ким нимага яшаяпти?

Мактубларга ўзининг интернетдаги блогида муносабат билдирган Transparency International ваколатхонасининг раҳбари Елена Панфилова мактуб олган ташкилотлар текширувлар мақсади ҳақида ҳали билишмаслигини айтади.

"Ҳамкасбларимизнинг боши қотган. Бир-биримизга сим қоқиб, фикр алмашдик ва ҳозирча бир хулосага келдик. У ҳам бўлса, бош прокуратура бу ташкилотлар қандай яшаётгани, ва энг асосийси нимага яшаётганини билмоқчи," - дейди Панфилова хоним.

Текширувга юз тутаётган ташкилотлар сўралган ҳужжатлар жуда ҳам қисқа муддатда - 24 соат ичида тақдим этилиши сўралганидан ҳайрон бўлишмоқда.

Россия Бош Вазири Владимир Путин президентлик лавозимида бўла туриб бир неча бор чет мамлакатлардан молия оладиган ноҳукумат ташкилотларни қудратли Ғарб давлатлари агентлари деб билишини айтганди.

Кузатувчилар айниқса "ЮКОС" маҳкама иши ортидан россиялик тадбиркорлар ҳукуматга содиқ бўлмаган жамоат ташкилотларини молиялашдан ҳадиксираб қолишганини таъкидлашган.

Россиядаги энг кекса инсон ҳуқуқлари гуруҳи бўлмиш Москва Хелсинки Гуруҳи раҳбари Людмила Алексеевага кўра, "демократик мамлакатларда фуқаролик жамияти бюрократларни назорат этади, бизда эса акси, бюрократия фуқаролик жамиятини назорат қилади."