Чечен бўлгинчилари раҳбари Аҳмед Закаев Польшада қўлга олинган

Ҳибс Россия тарафидан Интерпол орқали йўллаган талаб асосида амалга оширилган
Image caption Ҳибс Россия тарафидан Интерпол орқали йўллаган талаб асосида амалга оширилган

Матбуот хабарларига кўра, жаноб Закаев у ерга чеченлар масаласига бағишланган анжуманда иштирок этиш учун борган. Аввалроқ, Польша расмийлари Аҳмед Закаев ҳибсга олиниши мумкинлигидан огоҳлантирган. Ҳибс Россия тарафидан Интерпол орқали йўллаган талаб асосида амалга оширилган. Польша телевидениесининг хабар қилишича, у Варшавадаги прокурор идорасига кетаётган маҳал қўлга олинган. Яқин ёрдамчиларидан бирига кўра, Закаев жаноблари прокурордан ўзининг нима учун қидирувда эканлигини сўрамоқчи бўлган. Аҳмед Закаев Россияда террорчиликка бош қўшганликда гумон қилинади. У Чечен бўлгинчилари марҳум президенти Аслан Масхадовнинг воизи бўлган. Масҳадов 2005 йил Россия кучлари билан жанглар чоғи ўлдирилганди.

Британия 2003 йил Аҳмед Закаевга сиёсий бошпана берган ва шу ерда яшаб келаётганди. 'Бошқа чора йўқ'

Варшавага кетиши олдидан Аҳмед Закаев Польшага бориши учун виза олган ва пойтахт шимолидан 60 чақиримча узоқда жойлашган Пултуск шаҳрида чечен муҳожирлари иштирокида ўтадиган йиғинда иштирок этиши керак бўлган.

Польша Бош вазири Доналд Туск пайшанба куни чечен бўлгинчилари раҳбари ҳибсга олинадиган бўлса, маҳкама унинг Россия экстрадиция қилинишига рози бўлмаслиги мумкинлигини айтганди.

"Экстрадиция жараёни экстрадиция билан бир хил эмас", деб айтган Польша Бош вазири Доналд Туск.

Полиция воизига кўра, Польша ҳибс борасидаги халқаро буйруққа амал қилмоқда ва жаноб Закаевни қўлга олмасликдан бошқа чораси қолмаган.

"У бинодан чиқиб кетаётган маҳал оддий кийим-бошдаги полиция ходимлари тарафидан ҳибсга олинди", дейди Польша телевидениесига гапирган воиз.

Аҳмед Закаев Ғарбда муҳожиротдаги Чеченистон ҳукуматининг махсус вакили сифатида фаолият олиб борган.

Польша-Россиянинг Чеченистонга қаратилган сиёсати ашаддий танқидчиларидан бири. Аммо, Президент Лех Качинский ва бошқа қатор юқори мартабали расмийларнинг учоқ ҳалокатида нобуд бўлиши ортидан икки ўртадаги муносабатлар илий бошлаган.