Бутун жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари яна ошди

Image caption Озиқ-овқат нархлари бутун дунё бўйлаб ошди

Ҳисоб-китобларга кўра, ўтган икки ойнинг ўзида озиқ-овқат нархлари бутун дунё бўйлаб беш фоизга ошган. Бунга айрим собиқ Шўро давлатларида кузатилган қурғоқчилик ва Россиянинг четга буғдой сотмаслик қарори сабаб бўлган.

Бирлашган Миллатлар Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги идорасининг кўрсаткичлари 50 хил озиқ-овқатни назарда тутади.

Бугун ана шу таснифга кирувчи ун, ёғ, шакар, ҳамма, ҳаммасининг нархи ўтган икки йил ичида кузатилмаган даражада ортиб кетган.

Айниқса, Россияни забтига олган қурғоқчилик яқинда нарх-наволарнинг янада сакрашига олиб келган. Россияда буғдой ҳосилининг яхши бўлмагани ва буғдой экспортига қўйилган чекловлар халқаро бозорда буғдой нархини кўтариб юборган.

Бу эса, ўз навбатида, халқаро миқёсда озиқ-овқатларнинг ҳам қимматлашишига олиб келган. Россия буғдой экспортига қўйилган тақиқни узайтиришини айтаркан, шу ой бошида буғдойнинг нархи яна ошган.

Устига устак, Покистон ва Хитойдаги сув тошқинлари ҳам жаҳон буғдой бозоридаги нархларга кескин таъсир қилган. Бирлашган Миллатларга кўра, бу йил ғалла заҳиралари ҳам шунга яраша бўлиши мумкин.

Бироқ озиқ-овқат инқирози юз беради, деб айтишга ҳали бироз эртадек. Иқтисодчиларга кўра, бошқа турдаги ғалла маҳсулотлари буғдой тақчиллигининг ўрнини босиши мумкин.

Аммо, ошиб бораётган нарх-наволар дунёнинг қатор давлатларида, айниқса, яхши замонларда ҳам қорни тўйиб овқат емайдиган қашшоқ мамлакатларда норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Дейлик, Мозамбикда шу ой бошида кузатилган намойишлар бир неча кунлаб давом этган ва ҳукумат аскарлари билан тўқнашувларга сабаб бўлганди.

Япониядаги йирик сармоя ширкатининг айтишича, биз нарх-наволарнинг келаси бир неча йилгача чўзилиши мумкин бўлган яна бир сакраши арафасида турибмиз.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124