Ким кучли: Юрий Лужковми ёки Дмитрий Медведев?

Россия Президенти Дмитрий Медведев ва Москва мэри Юрий Лужков
Image caption "Назарингизда, узоқ ўтириб қолмадингизми бу ҳокимликда, лаббай?"

Москва мэри Юрий Лужков ўзининг 74 ёшини уйида нишонламаяпти. Унинг атрофида юзага келган можаро ва яқинда истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлардан кейин Россия пойтахти ҳокими таътилга чиқди ва Австрияга жўнаб кетди.

Россия Бош вазирининг матбуот хизматидан билдиришларича, Владимир Путин Москва мэрини "протокол тартибида" туғилган куни билан муборакбод этган, яъни Россия Федерациясидаги ҳамма ҳудуд раҳбарига бўладигани шаклида расмий табриклов йўлланган. Қандай қилиб мамлакатдаги энг қудратли амалдорлардан бири бўлган, Москвадаги "Ягона Россия" фирқасининг етакчиси Юрий Лужков ҳамма қаторига ўтиб қолди?

Агар Москва мэри ҳамон Кремлнинг ғазабига учраганига ишонч ҳосил қилмаётган бўлса, телевизор мурватини бураса бўлди. Сўнгги икки ҳафта мобайнида Россиянинг федерал телеканаллари Юрий Лужков ҳақида бир неча ҳужжатли фильм ва репортажлар намойиш этишди, уларнинг ҳаммаси жаноб Лужковни фош этишга қаратилган кўрсатувлар эди.

Юрий Лужковни Москва шаҳри кўчаларида юзага келадиган автомобиллар "тиқинлари" учун, тарих ва маданият ёдгорликлари ҳисобланган биноларни бузганликда айблашди, очиқдан-очиқ ўзи ва миллиардер рафиқасини коррупцияга ботган, деб айтишди.

Буларнинг барини жаноб Лужков, ўзини "мувозанатдан чиқариш" мақсадидаги "беъмани гаплар" деб атади ва телеканалларни маҳкамага тортиш билан пўписа ҳам қилди.

Россия оммавий ахборот воситаларининг ушбу аниқ режаланган амаллари ортида ким турипти?

Нефть қудуқларига тенг бойликлар манбаси

Image caption Юрий Лужковни ҳокимликдан четлатишни хоҳлайдиган юқори лавозимдаги мансабдорлар оз эмас

"Лужковни жойидан олиб ташлашни истайдиган юқори лавозимдаги мансабдорлар кам эмас. Уларга Москвадек йирик молиявий-иқтисодий плацдармни тўлиқ Лужков командаси бошқараётгани ёқмайди. Москва нефть қудуқларига қиёсласа бўладиган катта пулларнинг манбаси. Лужков бу "конлар"ни тўла ўз назоратига олиб, бу конларга федерал бюрократларни яқинлаштирмаётгани, юмшоқ қилиб айтганда, уларнинг жиғига тегмоқда", дейди москвалик журналист Борис Ноткин. Аммо жаноб Лужков учун асосий муаммо бюрократлар эмас, президентдир.

Дмитрий Медведев шу пайтгача узоқ йиллар лавозимини эгаллаб келган бир неча минтақа раҳбарларини бўшатиб юборди. Энди, афтидан, Лужковни нишонга олган кўринади, матбуотда кузатилаётган мувофиқлаштирилган ҳужумлар сабаби ҳам шунда.

Албатта, Президент Медведев мэрни хоҳлаган вақтида лавозимидан четлатиши мумкин, аммо бу осон иш эмас. Боиси мэр Лужков Россиядаги энг салмоқли сиёсий арбоблардан бири ҳисобланади.

У фақат Москва ҳокими курсисини 18 йилдан буён эгаллаб келаётган мансабдоргина эмас, ҳокимиятдаги "Ягона Россия" партиясининг энг кўзга кўринган раҳбарларидан бири ҳам.

Ҳали сиёсий саҳнада Владимир Путин пайдо бўлишидан анча олдин, жаноб Путин ҳокимиятга келганига ҳам ўн йилдан ошиб қолди, жаноб Лужков Россия президенти бўлади, деган овозалар тарқалган эди. Ҳозир ҳам, пойтахт кўчаларидаги тиқилинч ва коррупция айбловларига қарамасдан, у ҳамон омма орасида машҳур.

Бундан ташқари, Президент Медведевнинг ҳокимияти ҳам қанчалар кучли экани маълум эмас. Аксар россияликлар Бош вазир Путинни қудратли шахс деб ҳисоблашади. Шунинг учун ҳам Путиннинг ишорасиз Кремлнинг Лужковга қўл кўтаришга ҳадди сиғмас эди, деган гаплар тарқалган.

Image caption Кўчалардаги автомобил "тиқин"лари-ю, коррупция айбловларига қарамасдан, Лужков ҳамон машҳур

Владимир Путин сукути

Агар Лужков кетадиган бўлса, Медведев қўлида қудрат борлигини исботлайди, агар Москва мэри ўз жойида қоладиган бўлса, Кремлнинг қатъий эмаслиги ҳақида гапиришади ва бундан кейин президент иккинчи муддатга сайланиш умидларидан воз кечса ҳам бўлади.

"Кремлга кимдир Лужковни сиёсатчи сифатида "ер билан яксон қилиши" керак. Президент Медведев бу ерда ким бошлиқ эканини кўрсатиб қўйиши лозим. У бу нарсани қилишга мажбур. Акс ҳолда маҳаллий бюрократик машина кўзи ўнгида унинг баҳоси нолга тенг бўлиб қолади ва уни яккалаб қўйишади. Ҳаракат қилинмаган ҳар бир соат Медведевнинг ўзига катта муаммо бўлиб қайтади", дейди Россиядаги таниқли тележурналист Сергей Доренко.

Медведевга президентликка йўл очиб берган жаноб Путин қаерда? Москва мэрининг қоронғи келажаги ҳақида Владимир Путин сукут сақлаб туришни афзал кўрмоқда. "Бу ерда асосий масала Путиннинг мавқеи қандайлигида. Гап шундаки, Медведев Путиннинг лойиҳаси, Путиннинг шериги. Жаноб Путин бу шерикликни кенг омма олдида вайрон этади, деб ўйламайман. Мен Путин Медведевнинг тарафини олади, деб башорат қиламан. Демак, Лужков яқин орада кетади", дейди Russian Newswеek журналининг муҳаррири Михаил Фишман.

Дмитрий Медведев учун ҳал қилувчи палла бошланди. Жаноб Лужковнинг эса шу кунларда Россия телевидениесини томоша қилгиси келишига шубҳа қиламан.

Уни Австрияда ҳам тинч қўйишаётгани йўқ, телевидениеларнинг тасвирга олиш гуруҳлари унинг ортидан кетишган.