Обама хорижий кўмак сиёсати ислоҳ қилинишини айтди

Image caption Обаманинг нутқи камтарона бўлганига қарамай, АҚШнинг етакчи ролига ишора қилди

Президент Барак Обама БМТ саммитида нутқ сўзлар экан, АҚШнинг хорижий кўмак бўйича ишлаб чиқарилган янги сиёсати хукуматларнинг самаралигига эътибор бериш, ҳамда савдо ва сармояни рағбатлантириш билан мамлакатларни қашшоқликдан халос қилишга ёрдам беришини айтган.

Жаноб Обама минг йиллик тараққиёт масадлари бўйича Нью Йоркда ўтаётган БМТ саммитида асосий эътибор тобеъликка эмас, балки тараққиётга қаратилиши кераклигини айтди.

Бироқ, деди у, қашшоқ мамлакатларга ёрдам бериш АҚШ манфаати бўлиб қолади.

Унинг айтишича, АҚШ миллионлаб одамларни қашшоқликдан халос қилишда ўз вазифасини бажаради.

Аммо, минг йиллик тараққиёт мақсадларига эришиш учун фақат беш йил қолар экан, жаноб Обама жаҳон дадилроқ амал қилиши кераклигини айтди.

Минг йиллик тараққиёт мақсадлари 2000 йилда қабул қилинган бўлиб, улар сирасига соғлиқни сақлаш соҳаларини яхшилаш, кўпроқ одамлар учун таълим олиш имкониятларини яратиш ва аёллар учун тенгликни таъминлаш мақсадлари киради.

"Агар халқаро ҳамжамият эскича йўлда амал қилишда давом этса, кўп тараққиёт мақсадларимизга эриша олмай қоламиз," - деди жаноб Обама.

"Миллионлаб оталар оилаларининг қорнини тўйдира олмас экан, бу вазият беқарорлик ва қонли экстремизмга етакловчи кайфиятга олиб келади," - деди у қашшоқ мамлакатларга ёрдам ҳақида гапира туриб.

У АҚШ берадиган хорижий кўмак тизими ислоҳ қилинишини айтди.

Обама жанобларига кўра, эндиликда АҚШ маъмурияти қашшоқ мамлакатларнинг иқтисодларини узоқ муддатга ривожлантириш учун ана шу мамлакатлар ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилади.

"Сармоя ва савдо учун қулай шароитларни яратишни истаган мамлакатларга ёрдам берамиз," - деди у.

У, шунингдек, демократия ва самарали ҳукумат идоралари рағбатлантирилиши, коррупцияга қарши кураш олиб борилишини айтди.

Би-би-сининг дипломатик масалалар бўйича мухбири Жонатан Маркусга кўра, Обаманинг нутқи анча камтар бўлди, гўёки у ўз нутқи билан Америка бошқаларга қулоқ тутишга тайёр, аммо барибир лидерлик қилиш истагида деган ишорани бермоқчи эди.

Аввалроқ БМТ келгуси беш йил ичида 16 миллион оналар ва болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қаратилган 40 миллиард долларлик янги ташаббусни эълон қилди.