Россия буғдойи тақчиллиги жаҳондаги очликка сабаб бўлиши мумкинми?

Image caption Россия буғдой далалари жазирама иссиқ ва ёнғинлардан жабр кўрар экан, жаҳон бозорларида нон нархи ошиб кетган

Римда БМТнинг Озиқ-Овқат ва Қишлоқ Хўжалиги Ташкилоти жаҳондаги озиқ-овқат нархларининг ошиб бориши сабабларини муҳокама этиш учун фавқулодда йиғин ўтказмоқда.

Россиялик иқтисодий таҳлилчиларга кўра, йиғиннинг фавқулодда ўтказилаётгани ўтган сешанба куни Россия Бош Вазири Владимир Путиннинг рус буғдойи эскпортига қўйилган чеклов муддатини узайтиргани билан боғлиқ.

"Ўтган бир неча ҳафта давомида жаҳон бозорларидаги буғдой нархлари кескин кўтарилди. Бунга яқин орада дон маҳсулотлари тақчиллиги юзага келиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар сабаб бўлди. Учрашувдан мақсад дон маҳсулотларини экспорт ва импорт қилувчи мамлакатларга бу вазиятга мос келгуси қадамларни ишлаб чиқишдир," - дейилади Озиқ-Овқат ва Қишлоқ Хўжалиги Ташкилоти баёнотида.

Россия - буғдой, арпа ва жавдар етиштириш бўйича жаҳондаги етакчи давлатлардан бири.

Аммо, экспертлар фикрига кўра, у жаҳон бозорида учинчи ё тўртинчи ўринда туради, Ғарб эса аллақачон нон тақчиллиги каби таҳдиддан халос бўлган. Хўш, унда бу хавотирларга қандай асос бор?

"Хавотирлар нархлар ўсиши ва очлик таҳдиди билан боғлиқ. Мен бир нарсага эътиборни қаратмоқчиман, умуман, бу йил жаҳонда буғдой ҳосили ажойиб бўлган, ҳеч ҳам оз эмас. Шундай экан, очлик ва буғдой тақчиллиги таҳдидидан қўрқмасак бўлади," - дейди Россия аграр бозорлари бўйича мутахассис, иқтисодчи Евгения Серова.

"Очлик - бу муаммо, аммо у иқтисодий муаммо. У даромаднинг етишмаслиги билан боғлиқ. Россиянинг буғдой экспортини тўхтатиш қарори буғдой нархининг кескин ошиб кетишига олиб келди. Буғдой - бу биржа маҳсулоти, ва ҳар қандай биржа маҳсулоти бу каби янгиликларга жуда тез ва таҳлика билан жавоб беради. Ғарб эса ўз аҳволи эмас, балки жаҳондаги очлик таҳдидан хавотирга тушган. Чунки 2007-2008 йилларда айнан очлик муаммоси дунё кун тартибида устивор масала бўлди," - дея қўшимча қилади Серова хоним.

Бошқа таҳлилчилар эса Россияда қийинчиликлар туғилишига ишонишади. Уларнинг башоратларига кўра, бу йилги рус буғдойи ҳосили атиги 60 миллион тоннага етиши мумкин, лекин фақатгина ички бозордаги талабни қондириш учун камида 80 миллион тонна буғдой керак.

Аммо Пенза вилоятининг қишлоқ хўжалик бўйича вазири Владимир Волков Россия нон тақчиллигига юз тутмайди дейди.

"Биз хўжаликларда буғдойни ғамлаб қўйганмиз. Уларнинг миқдори хабар қилинган. Бугунги кунда омборда ғамланган буғдойнинг умумий миқдори 27 миллион тоннага тенг, бу башорат қилинган ҳосил билан қўшилганда бир йил учун етарли," - дейди Би-би-си билан суҳбатда жаноб Волков.

Аммо, озиқ-овқатлар нархи ўсишидан асосан ривожланаётган мамлакатлар жабр кўриши мумкин. Бу мамлакатларда оилавий бюджетнинг катта қисми озиқ-овқатга сарфланади.

Мозамбик пойтахти Мапутуда шу ҳафта бўлиб ўтган норозилик намойишларида етти киши ҳалок бўлган.

Жанубий Африка давлатларида шу йил бошидан бери нон нархи 30 фоизга ошган.