Озарбайжон Ўзбекистон билан алоқаларини қай томонлама қуюқлаштирмоқчи?

Image caption Бу озар раҳбарининг Ўзбекистонга иккинчи сафаридир

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иқтисодий ва маданий соҳадаги ҳамкорликларини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистонга расмий сафарини бошлади.

Бу озар раҳбарининг Ўзбекистонга иккинчи ташрифидир.

Бакудаги дипломатик манбаларга кўра, икки давлат раҳбарлари йирик минтақавий лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш масаласини муҳокама этишлари мумкин.

Ўзбекистон, айниқса, Баку-Тбилиси-Карс темир йўли лойиҳасига катта қизиқиш билдириб келади. Чунки янги лойиҳа Осиёдан келаётган юкларни Оврўпога элтишда ниҳоятда қўл келади.

Бу эса, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини кучайтиришга яхшигина хизмат қилиши мумкин.

Томонларнинг, бундан ташқари, энергия, савдо-сотиқ ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳамкорликни кучайтириш масаласига эътибор қаратишлари кутилмоқда.

Айрим хабарларга кўра, сўнгги пайтларда кузатилаётган сурункали бензин тақчиллигига барҳам бериш учун Ўзбекистон томони музокаралар чоғида нефть таъминоти масаласини ҳам кўтариши мумкин.

Нефт захиралари унча кўп бўлмаган Ўзбекистон ҳозирда ўз эҳтиёжларини қоплаш учун қўшни Қозоғистондан нефть сотиб олади.

Аммо, айрим кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон нефть таъминоти масаласида ёлғиз Қозоғистонга таяниб қолмоқчи эмас.

Кўплаб таҳлилчилар эса, икки давлат орасидаги қарийб 50 миллион долларлик бугунги савдо-сотиқ ҳажми ҳам икковлон эга бўлган потенциал даражасида эмаслигига эътибор қаратишади.

Томонлар асосан саноат, тўқимачилик, қурилиш ва ёқилғи соҳасида олди-берди қилиб келишади.

Музокаралар чоғида иқтисодий ҳамкорликка оид беш йилга мўлжалланган келишувнинг ҳам имзоланиши кутилмоқда.

Айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 40 мингдан ортиқ озарбайжонлик истиқомат қилади. Қатор озарий маданият марказлари фаолият олиб боради.

Тошкентга сафари давомида Озарбайжон раҳбари марҳум отаси Ҳайдар Алиев номига қўйилган яна бир маданият марказини очмоқчи.

Икки давлат орасидаги дипломатик алоқалар 1995 йилда йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса, 2008 йилнинг сентябр ойида Озарбайжонга сафар қилганди.