Москванинг узоқ йиллик мэри Юрий Лужков ишдан олинди

Медведев ва Лужков
Image caption Жаноб Лужков 'Президентнинг ишончини йўқотган'

Россия Президенти Дмитрий Медведев мамлакатдаги энг қудратли сиёсатчилардан бири Москва мэри Юрий Лужковни ишдан бўшатган.

Жаноб Медведев чиқарган фармонда 18 йил давомида Россия пойтахти учун масъул бўлиб келган 74 ёшли ҳоким "Президент ишончини йўқотган"и айтилади.

Кремл матбуот хизматига кўра, шаҳар ҳокими биринчи ўринбосари Владимир Ресин вақтинчалик мэр этиб тайинлаган.

Москва ҳокимининг ишдан олингани борасида давлат матбуоти Юрий Лужковни коррупция ва ўз лавозимини суистеъмол қилишда айбланган қатор хабарлар бериши ортидан эълон қилинди. (Лужков ҳокимлик қилган даврда унинг хотини мамлакатдаги энг бадавлат тадбиркорга айланган). Лужков жаноблари ўзига қарши айбловларни рад этади.

Шарҳловчиларнинг ишонишларича, Россиянинг энг олий мартабали сиёсатчилари орасидаги можарога Москва мэрининг афтидан Президентни танқид қилган ва кучлироқ раҳбариятга қайтиш чақириғи янграган мақоласи турки берган.

Шундан сўнг, Кремл жаноб Лужковга ихтиёрий истеъфо бериши учун босим ўтказиш ва ё ўртадан кеткизишга қарор қилган.

Аммо, душанба куни мэр ишдан кетиш нияти йўқлигини айтганди.

Би-би-си мухбири Ричард Галпиннинг хабар қилишича, бунинг ортидан "Президент қаршисида ё ўта заиф кўриниш ва ё қудратли сиёсатчи, мэрлигидан ташқари - иқтидордаги "Ягона Россия" партияси асосчиларидан бирини ишдан ҳайдаш танлови қолганди".