Ким Чен Ир яна КХДРнинг етакчи партияси бош котиби этиб сайланди

Депутатлар

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ир Пхеньянда ўтаётган анжуманда яна Меҳнат партиясининг бош котиби этиб сайланди.

Бу ҳақда эълон қилган Шимолий Корея телевидениесининг бошловчиси буни "мутлақ қўллаб-қувватлов ва ишонч намойишидир," деб айтди.

Аввалроқ Шимолий Корея раҳбарининг кенжа ўғли Ким Чен Унга генерал-полковник унвони берилган эди.

Шимолий Кореяда тарихидаги учинчи партия анжумани муносабати билан мамлакат пойтахти қизил байроқлар билан безатилган.

Вакиллар "Партия анжумани иштирокчиларига алангалик салом!" деган шиорлар билан кутиб олинган.

Шимолий Корея давлат телевидениесининг хабар қилишича, анжуманда иштирок этиш учун пойтахт Пхеньянга келган вакиллар дастлаб мамлакат асосчиси Ким Ир Сен қабри жойлашган Ким Су Сан саройини зиёрат қилганлар.

Ким Ир Сен Шимолий Кореянинг ҳозирги раҳбари Ким Чен Ирнинг отасидир.

Ким Чен Ирнинг кенжа ўғли Ким Чен Ун армия номидан партия анжуманига вакил этиб сайланган.

"Ҳурматли доҳий"

Шимолий Кореяда Ким Ир Сенни "абадий президент" ва "улуғ доҳий", унинг ўғли номи эса "ҳурматли доҳий" деб тилга олинади.

Ким Чен Ирнинг иқтидорга келиши 1980 йилда бўлиб ўтган сўнгги партия анжуманида бошланган эди.

Мазкур анжуманда у бир йўла бир неча муҳим ўринларга тайинланганди.

Ким Ир Сен 1994 йилда вафот этди ва унинг ўғли мамлакатни тўла бошқара бошлади.

Ҳозирда 69 ёшли Ким Чен Ир қатор хасталикларга чалинган.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, у ўтган йили юрак хуружига учраб, кейинчалик Хитойда даволанган.

Сеулда нашр этилувчи газетанинг Шимолий Кореядаги исми ошкор этилмаган манбага иқтибосан хабар беришича, мамлакатда аллақачон Ким Ир Сеннинг невараси - Ким Чен Унни тарғиб этиш кампанияси бошланган.

Тарғибот ишлари давлат ахборот воситаларининг оммавий усулида олиб борилмокда: газеталар Ким Чен Уннинг рангли суратларини нашр этмоқдалар; телевидение ва радиода унинг беназир инсоний фазилатлари ҳақида ҳикоя қилинмоқда.

Шахсга сиғиниш мероси

Ким Чен Ун ҳақида унинг ёши 25 ларда экани ва Швейцарияда таълим олганидан бошқа кўп нарса маълум эмас.

Унинг отаси ўрнига сайланиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар ўтган йилдан урчий бошлади.

Таҳлилчилар фикрига кўра, агар бу хабарлар ўз тасдиғини топса, ёш меросхўрга осон бўлмайди.

Ким Чен Унда мамлакатни идора этиш тажрибаси йўқ ва у ҳеч қачон юқори давлат вазифаларини бажармаган.

Шимолий Корея Ким Чен Ир раҳбарлиги йилларида ташқи дунёдан янада иҳоталаниб олди.

1950-йилларданоқ шаклланган Ким Ир Сен шахсига сиғиниш унинг ўғли Ким Чен Ир даврида янада кучайди.

1960-йиллар бошига қадар саноатлашиш сари жадал илгарилаб боргани айтилган Шимолий Корея иқтисодиёти сўнги ўн йилликларда чуқур ва муттасил инқирозни бошдан кечирмоқда.

Бир неча йил давомида қурғоқчилик гирдобида қолган мамлакат аҳолиси очарчиликка дучор бўлгани хабар қилинади.