Нобел тинчлик мукофотини хитойлик диссидент Лю Сяобо олди

Лю Сяобо

Нобел тинчлик мукофоти бу йил хитойлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Лю Сяобога берилди.

Ушбу мукофот ҳуқуқбонга "Хитойда фундаментал инсон ҳақлари учун узоқ йиллар курашгани" учун насиб этди.

Демократия учун фаол курашчи ва Хитойдаги энг таниқли диссидентлардан бири 2009 йилда "давлат ҳокимиятини қўпорувчиликка даъват қилишда" айбланиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Нобел тинчлик мукофотининг Лю Сяобога берилиши Хитой ҳукуматининг ғазабини келтириши турган гап.

Сентябр ойида Хитой ҳукумати Ослодаги Нобел қўмитасини тинчлик мукофотини Лю Сяобога бермасликка чақирганди.

Нобел мукофоти қўмитасининг президенти Тҳорбйоэрн Яагланд аввалроқ танлов зиддиятли бўлишини эътироф этганди.

Нобел лауреати эълон қилинишидан олдин Норвегия телевидениесига гапирган Яагланд жаноблари: "Танлов нима учун зиддиятли бўлишини лауреат номини эълон қилганимизда тушуниб оласизлар," деб айтганди.

Тинчлик мукофоти эълон этилмасдан бурун номзодлар номлари ҳам маълум қилинмаган эди.

Бироқ матбуотда исмлари зикр этилган номзодлар орасида афғон аёллари ҳуқуқлари ҳимоячиси Симо Самар, россиялик ҳуқуқбон Светлана Ганнушкина, Олмония собиқ кантслери Ҳелмут Коҳл ва Зимбабве Бош вазири Морган Тсвингираи бор эди.

2009 йилда Нобел тинчлик мукофоти АҚШ президенти Барак Обамага берилганди. Ослодаги қўмита жаноб Обаманинг ядровий қуролсизлантириш соҳасидаги сай-ҳаракатларини инобатга олганди.