Парвез Мушарраф: 'Ал-Қоида' ва исломий жангариликни Ғарб яратди

Покистон собиқ президенти Парвез Мушарраф
Image caption Парвез Мушарраф: Ғарб ва Америка ўз манфаатини кўзлаб Афғонистонга киришган

Покистон ва Афғонистондаги абгор ҳолатни Шўролар Иттифоқини маҳв этиш мақсадини кўзлаган Ғарб юзага келтирди, деб айтди Покистоннинг собиқ президенти Парвез Мушарраф Би-би-си билан суҳбатда.

Қудратдан кетказилганидан кейин Парвез Мушарраф Лондонда истиқомат қилмоқда.

У шу йил бошида Покистондаги вазиятни ўнглаш мақсадида янги сиёсий партия барпо этажаги ҳақида эълон қилган эди.

Бугун Покистон собиқ президентининг тарафдорлари "Бутунпокистон Мусулмон лигаси" партиясини таъсис этиш мақсадида йиғилганлар.

Би-би-си билан суҳбатда Парвез Мушаррафнинг айтишича, ҳозирги Покистон ҳукумати яроқсиз ва мамлакат иқтисодиёти чўкиб бораяпти.

Бундай ҳолатда, деб айтган Парвез Мушарраф, Покистон халқи мамлакатда аҳволни яхшилаш учун армияга умид кўзларини тикади.

"Сиз балки унутгандирсиз, лекин бу вазиятни АҚШ ва Ғарб яратди", деб айтди Парвез Мушарраф.

Парвез Мушарраф: 1979 йилда Шўролар Иттифоқига қарши уруш бошлаган Америка ва ғарб эди.

Би-би-си: Тўғри, лекин Шўролар давлати Афғонистонга бостириб кирганидан сўнг бу ҳаракатлар бошланган эди, шундай эмасми?

Парвез Мушарраф: Бостириб кирган бўлса нима бўлипти? Нима сабабдан Америка ва Ғарб бу можарога аралашди? Сизларни ким чақирганди? Шўроларни барбод этиш мақсадида ўзингиз бизнинг ҳудудларимизга келгансизлар. Сизлар ўз манфаатингизни ўйлаб бунга аралашгансизлар. Сизлар айнан шу ерда Шўроларни енгиб чиқмоқчи эдингиз. Жиҳодни ким бошлаган? Сизлар бошлагансизлар. Бутун мусулмон мамлакатларидан мужоҳидинларни жалб этиш учун бу ҳаракатларни жиҳод деб атагансизлар. Йиғилган 30 минг мужоҳидни қурол-аслаҳа билан таъминлагансизлар. Кейинчалик Толибонни ташкил этиб, уни қурол-яроғ билан таъминладингиз, уларни Афғонистонга юбордингиз. Бу мақсадга эришиш учун сиз Покистон ҳудудидан фойдалангансизлар. Буни унутмаслик керак. Яъни бундай ҳодисалар рўй берганини ва Покистон бундан талофот кўрганини тан олиш керак. Шўроларга қарши курашган жангарилар кейинчалик ортда қолишди. Костюм-шим кийиб юрган шахслар эса қочиб кетдилар. Мамлакатни тарк этишиб, Америка ва Оврўпога кетиб қолишди. Шўроларга қарши курашган жангари исломий гуруҳлар буни сиз учун қилишган, Ғарб учун улар Шўроларга қарши курашганлар.

Би-би-си: Энди эса улар Ғарбга қарши курашмоқдаларми?

Парвез Мушарраф: Ҳа албатта, чунки 1989 йилда биз Совет Иттифоқи устидан ғалаба қозонганимиздан кейин, бир эсга олайлик, нималар юз берди? Ҳамма бизни тарк этди. Балки ўша вақтда стратегик йўналиш марказий Оврўпо томон ўзгаргандир. Берлин девори, икки Олмонияни бирлаштириш режалари, "Совуқ уруш", Шарқнинг Ғарбга тургани... Лекин ҳамма Афғонистондан юз ўгирди. Кейинги ўн икки йил мобайнида нималар содир бўлди, яъни 1989 йилдан то 11 сентябр ҳужумларигача? Ўттиз минг жангарини бошқа жойга кўчириш ёки уларни қуролсизлантириш ҳеч кимнинг эсига келмади. Тиш-тирноғигача қуролланган мужоҳидлар фақатгина жанг қилишни билишарди. Бу кимнинг айби? Бу Ғарбнинг айби. Йигирма беш-ўттиз минг мужоҳид Усома бин Лодин раҳбарлиги остида "Ал-Қоида" ташкилотига айланди. Бундан кейин - 1996 йили Толибон ҳаракати яратилди. Покистон ёлғиз қолиб кетди, ўз-ўзини химоя қилишда. Афғонистон-чи? Тожиклар, ўзбеклар, ҳазоралар, паштунлар ўнга яқин гуруҳларни тузишди. Ҳаққоний гуруҳи, Гулбиддин Ҳикматёр гуруҳи... Улар бир-бири билан урушиб, Афғонистонни вайрон этишди.