'Норвегиядаги террор гумондорлари курд мулла билан мулоқотда бўлганлар'

Image caption 32 ёшли ўзбекистонлик Девид Якобсен полиция кузатуви остида бўлган ва полиция билан ҳамкорлик қилган

Норвегия рўзномаси хабар қилишича, 32 яшар ўзбекистонлик дохил Оврўпо мамлакатларида террорчилик ҳужумларини содир этишни режалаштирганликда гумон этиб ҳибсга олинганлар таниқли курд мулласи билан мулоқотда бўлганлар.

"Verdens Gang" рўзномаси ўзининг ўрганишлари асосида мақола эълон қилган, мақолага кўра, Шавон Содиқ Саид Сужак Мулла Крекар номи билан таниқли исломий уламо билан учрашганлар.

Шу йил июл ойининг бошида Норвегия ҳамда Олмонияда уч шахс ҳибсга олинган, уларнинг 37 ёшли ироқлик курд Шавон Содиқ Саид Сужак, 39 яшар уйғур Микаэл Давуд, 32 ёшли ўзбек Девид Якобсен экани хабар қилинган.

Норвегия полициясига кўра, улар анча вақтдан буён полиция кузатуви остида бўлганлар.

Полиция кузатувдагиларнинг террор фитнасини уюштиришга тил бириктирганига ишонч ҳосил қилганидан кейин ҳибсга олишга қарор қилган.

Шавон Содиқ Саид Сужак Олмонияда ҳибсга олинган.

Норвегия полициясига кўра, бу уч шахснинг "Ал-Қоида" билан алоқаси бўлган ва Норвегия ҳудудида кўпроқ ҳужумларни режалаштирганлар.

Уларнинг ҳозир АҚШ ва Буюк Британияда тергов қилинаётган айрим шахсларга ҳам алоқалари борлиги айтилган.

Ўзбекистонликнинг Норвегия полицияси билан алоқада бўлгани маълум қилинган.

Прокуратура томонининг айтишича, Девид Якобсен 2009 йилдан буён полиция билан ҳамкорликда бўлган.

Бироқ шунга қарамай, Девид террорчиликка оид айбловларга юз тутган.

"Verdens Gang" рўзномаси ёзишича, Норвегияда баҳсли мулла деб кўриладиган Мулла Крекар билан Шавон Содиқ Саид Сужак ҳамда диний экстремистик қарашдаги яна бир неча шахс Осло шимолида учрашганлар.

Полиция Шавон Содиқ Саид Сужак, Девид Якобсен ва Микаэл Давудни ҳибсга олган пайтида мулла Крекарга террор айблови қўйилмаган.

Норвегия рўзномаси Сужак ҳимоячиси билан суҳбатлашган, ҳимоячига кўра, икки ироқлик курднинг учрашиши табиий ҳол ва ҳам мулла Крекар "ҳурматли диний уламо" ҳисобланади.

Гумонга олинганлар ишини тергов қилаётган Норвегия Полиция Хавфсизлик хизмати Сужак ва мулла Крекар учрашуви тергов масаласи экани борасидаги ахборотни на тасдиқлаши ва на инкор этишини маълум қилган.

Полицияга кўра, ушбу ишда асосий гумондор Норвегия фуқаролигини қабул қилган уйғур Микаэл Давуддир.

Микаэл Давуд Покистонда бўлган "Аҳмад" номи билан маълум шахс билан электрон почта орқали мулоқотда бўлгани аниқланган.

Норвегия полицияси "Аҳмад" номи билан маълум шахснинг "Ал-Қоида"нинг ташқи амалиётлари учун маъсул Солиҳ Ас-Сомалига яқинлигини маълум қилади.