Покистонда НАТО танкерлари яна ҳужумга тутилди

Покистонда 6 кун ичида 4 марта НАТО ёқилғи танкерлари нишонга олинди
Image caption Покистонда 6 кун ичида тўртинчи марта НАТО ёқилғи танкерлари нишонга олинди

Покистондаги қуроллилар Афғонистондаги НАТО кучларига ёқилғи олиб кетаётган камида 10 та танкерга ўт қўйишган.

Жануби-ғарбий Кветта шаҳрида амалга оширилган пистирмада ҳайдовчилардан бири нобуд бўлган.

Покистон ҳукумати Афғонистонга таъминот етказувчи асосий йўллардан бирини ёпиб қўйганидан бери ёқилғи танкерларига қарши ҳужумлар сони кўпайган. Исломобод ҳали Хайбар давони қачон қайта очилишини маълум қилмаган. Полициянинг айтишича, чоршанба куни эрталаб Кветта четида тўхтаган танкерларга юк автомобилида келган 14 қуролли ўт очган.

Ёқилғи автомобиллари Афғонистонга олиб борувчи кичикроқ чегара кесиш нуқтасига етиб бориши керак бўлган.

Покистондаги Толибон ҳаракати пистирмани ўзи уюштирганини айтган. Бу олти кун ичида НАТО таъминот карвонига қарши уюштирилган тўртинчи ҳужумдир.

Сешанба куни Хайбар қавм ҳудудида нефт танкери бомба воситасида нишонга олинганди. Жума куни эса, Синдҳ вилоятида 30 яқин НАТО юк автомобилларига ўт қўйиб кетилди.

'Бошқа танлов'

НАТОнинг айтишича, юк автомобиллари Афғонистондаги хориж қўшинларига ёқилғи, ҳарбий машиналар, эҳтиёт қисмлар, кийим-кечак ва бошқа ноҳарбий жиҳозларни етказиш учун Покистондан ўтишаётган бўлган.

Тўрхам чегара нуқтасининг ёпиб қўйилиши Покистон ва Америка ўртасидаги муносабатларни таранглаштирган.

Афғонистонда фаолият олиб бораётган НАТО етакчилигидаги кучлар душанба куни ҳужумлар ўз амалиётларига ҳали таъсир кўрсатмагани, аммо "бошқа танловларни кўриб" чиқишаётганини айтишганди.

Image caption Покистон орқали Афғонистондаги НАТО кучларига таъминот етказиш йўллари

НАТО юк карвонларига қарши ҳужумлар таъсири қандай бўлади?

НАТО кучлари учун таъминот юклари Афғонистон шимолига Ўзбекистон ва Тожикистон орқали олиб келиниши мумкин. Покистондаги НАТО фойдаланадиган бошқа бир асосий чегара нуқтаси-Чаман очиқ қолмоқда. Аммо, бу йўл Кобулга таъминот етказиш учун қулай эмаслиги айтилади.