Покистонда НАТО юк карвонларига қарши ҳужумлар таъсири қандай бўлади?

Харита
Image caption Покистон орқали таъминот йўллари...

Покистон муҳим таъминот йўлида НАТО карвонларига қарши исёнкорлик ҳужумлари боис Афғонистондаги хорижий кучларга борадиган маҳсулотлар тўхтаб қолмоқда. Америка учувчисиз учоқлар орқали қавм ҳудудларининг нишонга олинаётгани ва Афғонистондаги НАТО кучлари чегараоша амалга оширган вертолёт ҳужумлари 3 Покистон аскарининг умрига зомин бўлиши ортидан ҳукумат асосий таъминот йўлларидан бири ёпиб қўйди. Мазкур ҳолат НАТОнинг Афғонистондаги фаолиятига қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Би-би-си Покистондан журналист Раҳимулло Юсуфзайни суҳбатга тортди:

Раҳимулло Юсуфзай: Менимча, бу ҳужумлар катта таъсир қилмайди. Покистон Америка ва НАТОга фақат ўз ғазабини изҳор этмоқчи. Чунки, уларнинг Покистон ҳудудидаги ҳужумларидан аҳоли ҳам, ҳукумат ҳам ғазабда. Менинг назаримда, ҳукумат яқин орада Афғонистонга ўтувчи йўлни очса керак. Карочи-Пешовар ва Хайбар довони энг муҳим йўл. Лекин, бошқа йўл ҳам бор ва у ҳозир очиқ. Шунингдек, Покистон осмонидан ўтадиган ҳаво йўллари ҳам очиқ. Бунинг устига, НАТО Афғонистондаги керакли маҳсулотларни бир неча ҳафтага етадиган қилиб ғамлаб олишган. Ҳозир Россия орқали келадиган шимолий йўл ҳам очиқ.

Би-би-си: Лекин, Покистон йўлида хавф-хатар тўхтамаса, у ҳолда Россия ва Ўзбекистон орқали келадиган шимолий таъминот йўли бунинг ўрнини қоплашга қодир бўладими?

Раҳимулло Юсуфзай: Россиядан ўтувчи Шимолий йўл Покистондаги таъминот йўли билан беллаша олмайди. Шимолий йўл жуда узун ва қиммат. Бунинг устига, ҳатто Ўзбекистон ва Тожикистондан ўтиб келаётган юк карвонлари ҳам Кобулга келгунча Қундуз ва ё Бағлонда ҳужумга тутиляпти. Шимолий йўл орқали НАТОга керакли юкларнинг нари борса учдан бир қисмини олиб ўтиш мумкин. Мана ҳозир керакли маҳсулотларнинг 75 фоизи Покистон йўлидан ўтаяпти. Юзлаб юк автомобиллари тизилганча Афғонистонга йўл солишади. Фақат орада бир нечтаси ҳужумга йўлиқади. Аксар юклар Афғонистонга ўта олади. Тўғри ҳозир яна Гуржистон ва Озарбайжон орқали Каспий денгизи оша Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудларидан келадиган учинчи йўлни очиш ҳақида гапиришмоқда. Аммо, бу ҳам қанчалик самарали бўлиши номаълум. Қисқароқ йўл Эрондан ўтиши мумкин. Лекин, Теҳрон ҳеч қачон америкаликлар учун ўз ҳудудларини очиб бермайди.

Би-би-си: НАТО Толибонга қарши урушаяпти, лекин Толибоннинг жиғига тегса, хорижий кучларга керакли йўлларни исёнкорлар ҳужумга тутадилар. Бу ҳолат Афғонистон ва Покистондаги Толибон гуруҳлари билан қандай йўл тутиш борасида Американи жиддий ўйлаб кўришга ундаши керак эмасми?

Раҳимулло Юсуфзай: Барча Толибон гуруҳлари ўзаро ҳамкор, шериклар. Бундан тўққиз йил олдин Афғонистонда қудратдан кетказилган толиблар бир неча йил ичида қайта бирлашиб, НАТО ва Америка кучларга қарши ҳужумларни бошладилар. Афғонистондаги Толибоннинг фаолияти Покистондаги Толибонга боғлиқ. Покистондаги жангарилар Афғонистонга бориб, у ердаги исёнкорларга қўшилишмоқда. Улар бир- бирларига ёрдам беришади. Шунинг учун ҳам, энди америкаликлар Афғонистон-Покистон деган бир ғоя билан чиқишди. Яъни, ҳам Афғонистон ва ҳам Покистондаги исёнкорлар аслида америкаликларнинг ягона, битта душмани эканини англадилар.