Чилидаги қутқарув амалиёти зафар билан якунланди

Image caption Охирги бўлиб смена бригадири Луис Урсуа қутқариб олинган.

Зах ва қоронғу ер қаърида икки ойдан кўпроқ вақт ўтказган 33 нафар кончининг барчаси эсон-омон ер юзига чиқариб олинган.

Дунё тарихидаги мисли кўрилмаган қутқарув амалиётига саҳна бўлган кондан охирги бўлиб смена бригадири Луис Урсуа қутқариб олинган.

Айнан Урсуа кондаги ҳалокатдан 17 кун ўтиб, кончилар ўлган, деб тахмин қилинган бир пайтда уларнинг тириклиги ҳақида ер юзига мужда йўллаганди.

Урсуани, бошқа шахтёрлар каби яқинлари ва Чили Президенти Себастян Пиньера қарши олишган.

Президент қутқарув амалиёти унинг мамлакатии бутунлай ўзгартириб юборганини айтган.

"Чили ҳар доимгидан ҳам кўра бирдам ва мустаҳкамдир, дунёнинг унга эътибори бошқача",-деган Себастян Пиньера.

22 соат давом этган амалиёт чоғида ер остидаги кончилар тор туйнукдан махсус капсула воситасида бирин-кетин тепага кўтариб олинган.

Кон тубидаги ифлосланган ҳаво ва қоронғулик таъсирида уларнинг баъзилари ўткир тиш инфекцияси, бошқалари эса кўз касалини орттиришган.

Кончилардан бири зотилжам билан ташхисланган, аммо унинг ҳолати қониқарли экани айтилмоқда.

Чили Соғлиқни сақлаш вазири кончиларнинг соғлиги кутилганидан яхши эканини айтган.

Чилининг Атакама саҳросидаги Сан Хосе мис ва олтин конида 5 август куни юз берган ҳалокатдан сўнг кончиларнинг 48 соатга етадиган егуликлари қолганди, холос.

17 кунлик қазишдан сўнг қутқарувчилар улар билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлганлар.

33 нафар кончи ҳозирда Копиапо шахтёрлар шаҳарчаси яқинидаги шифохонанинг икки бўлинмасига ётқизилган.

Кончиларнинг кўзлари ёруғликка мослашиши учун хоналар нимқоронғу қилиб қўйилган.

Чоршанба куни маҳаллий вақт билан тунги 12.10 да бошланган амалиётда биринчи бўлиб Флоренсио Авалос ер юзасига чиқарилган.

Флоренсио Авалос Чили Президенти Себастян Пинера билан қучоқлашиб кўришган.

Бу ҳаяжонли дақиқаларни Чили шимолидаги Атакама чўли қоқ ўртасидаги Сан Хосе кони атрофига йиғилган шахтёрларнинг яқинлари, бутун дунёдан йиғилган журналистлар ва дунёдаги миллионлаб инсонлар кузатганлар.

Қайта тирилганлар

Сан Хосе конида портлаш 5 августда рўй берган эди.

Дастлаб мис конидаги портлаш ҳақидаги хабардан кейин ер остидаги инсонлар тирикми ёки йўқми экани бир неча кун номаълум бўлиб турди.

Орадан 17 кун ўтиб, қутқарувчилар хушхабар олдилар, 33 кўмирчи омон қолган.

Бироқ улар ер сатҳидан 622 метр пастликда қамалиб қолган, уларни олиб чиқадиган кон шахтаси вайрон бўлган эди.

Шахтёрларни тепага олиб чиқиш учун уч жойдан туйнук қазишга киришилди, аммо инсонларни юқорига олиб чиқишга фақат янги йил арафасида эришиш мумкин, деган тахминлар билдирилди.

Лекин шунча узоқ вақт зулматда қоладиган одамларнинг руҳий ҳолати бунга чидаш берармикан, деган хавотирлар ўртага чиқди.

Ер остига веб-камера туширилди, кончиларнинг яқинлари билан бир-бирларини кўриб, гаплашишларига имконият берилди.

Юқоридан танишу-нотаниш инсонлар шахтёрларга далда бўладиган совғалар, уларни қўллаб-қувватлаш изҳор этилган мактублар етказилди.

Одамлар қамалиб қолган жойгача худди космонавтларни ташишга мўлжаллангандек махсус капсула ҳаракатлана оладиган туйнук очиш 33 кун давом этди.

"Биз буни биргалашиб амалга оширдик!"

Би-би-си билан суҳбатда Чили Президенти Пиньера мисли кўрилмаган қутқарув амалиёти унинг мамлакати ҳақидаги тасаввурларни ўзгартириб юборишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, чилиликлар бу кунни ҳеч қачон унутишмайди.

"Шахтёрларнинг тоғ тубидан ер сатҳига қандай олиб чиқилаётганини кўриш, аёллари, қизларини шундай бахт ва нашъа билан қучоқлаётганларини томоша қилиш-бу нимадир... Бу-эътиқод, собитқадамлик ва ҳамкорликнинг қийматини кўрсатади".

Президент энди дунёдаги барча Чилини ҳарбий хунта бошқаруви йиллари билан эмас, балки шахтёрларни қутқарув амалиёти туфайли эслайди, деб умид қилишини айтди.

"Улар биз чилиликлар буни биргаликда амалга оширганимизни эслашади. Чунки бу амалиёт бизни бирлаштирди ва бу бутун дунё учун бир ўрнакдир", - деди Чили раҳбари.

У мамлакат шахталарида кончиларнинг хавфсизлиги юзасидан қўшимча чоралар кўришга ваъда берди.