Жаҳон Тараққиёт ҳаракати: чайқовчилар биржадаги 40 миллион тонна донни сотиб олган

Британиядаги қашшоқликка қарши курашувчи Жаҳон Тараққиёт ҳаракати хомашё биржаларидаги чайқовчиларовчиларни асосий озиқ-овқат нархларини сўнгги икки йил асносидаги энг юқори кўрсаткичга чиқаришда айблаган.

Жаҳон Тараққиёт Ҳаракатига кўра, бозорлардаги чайқовчилик айрим ривожланаётган мамлакатларда очарчиликка ва беқарорликка хизмат қилган.

Жаҳон Тараққиёт ҳаракати ҳисоботида айтилишича, шу йил ёз ойлари давомида Қўшма Штатлар молия бозоридаги чайқовчилар 40 миллион тоннага тенг донни сотиб олиб қўйишган.

Бу Бразилиянинг йиллик истеъмолидан ҳам кўпдир.

Худди шу даврда - апрелдан сентябргача жаҳон бўйлаб буғдой нархи 40 фоиздан ортиққа ошди.

Жаҳон Тараққиёт Ҳаракатининг айтишича, мавжуд заҳиранинг бу тартибда олдиндан сотиб олиб қўйилиши нарх-навонинг осмонга сапчишига олиб келмоқда.

Россия ва Украинадаги буғдой ҳажмига жорий йилги қурғоқчилик ёмон таъсир қилган эса-да, баланд нарх-наво камайган таъминотни кўпайтиролмайди, дейди Жаҳон Тараққиёт Ҳаракати. Ташкилот ўзининг ҳисоботини 16 октябр - Жаҳон Озиқ-Овқат куни арафасида чиқарган.

Шу кун муносабати билан Римда ўтган махсус анжуманида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти очарчилик муаммосига барча томонлама зудлик билан зарурий чораларга қўл урилиши лозимлигини айтган.

БМТ ташкилотига кўра, гарчи бу йил Россияда буғдой ҳосили камайган бўлса-да, дунёнинг бошқа қисмларида ишлаб чиқариш рекорд даражасига етган ва ҳали озиқ-овқат миқдори мўл, танқислик нархларнинг баландлашига хизмат қилмаслиги керак.

Ташкилот раҳбари Жак Диуф "озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бир томоннинг эмас, балки барчамизнинг масъулиятимиз", деб айтган.

Айни пайтда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти очарчилик муаммосини бартараф этишга қаратилган "1billionhungry" лойиҳасини бошлаган.

Бу лойиҳада дунёда бир миллиард инсон мунтазам оч экани айтилади, ҳукуматлар олдига бунга қарши чора кўриш талаби қўйилади.

Римдаги БМТ Озиқ-Овқат ташкилотининг анжуманига мурожаатида Рим Папаси Бенедикт XVI мазур лойиҳани олқишлаган ва "очлик ва тўйиб овқатланмасликни йўқотиш учун шахсий манфаатларни енгиб ўтиш" лозимлигини таъкидлаган.