Қўшма Штатларда илк тижорий фазо бандаргоҳи очилди

Илк тижорий фазо кемалари
Image caption Йўловчилар фазога саёҳатни тўққиз ойдан сўнг бошлашлари мумкин

Қўшма Штатлар Нью Мексико штатида илк фазо бандаргоҳининг очилиши билан тижорий фазо туризми соҳасига яна бир қадам олдинга ташланган.

Нью Мексикодаги саҳрода учиш-қўниш йўлаги қурилиши якунланиши муносабати билан ўтган маросимда дунёнинг илк тижорий фазо кемаси дунёдаги илк тижорий фазо бандаргоҳи узра парвоз қилган.

"SpaceShip Two" фазо кемаси британиялик миллиардер ишбилармон Сэр Ричард Брансоннинг "Виржин" (Virgin) ширкати томонидан молияланган.

Маросимда сўзлаган Сэр Ричард Брансон янги тадқиқот эраси шиддат билан яқинлашаётганини айтган. "Ҳар бир парвозда биз янада кўпроқ ўрганамиз, кўпроқ тажриба тўплаймиз, бугун ҳатто тасаввур қилимиз мумкин бўлмаган имкониятларни очамиз. Биз бу ерда тарихни яратаяпмиз", деб айтган Брансон жаноблари.

"SpaceShip Two" йўловчиларни фазо чегарасигача олиб чиқиб, ерга қайта олиб тушишга мўлжалланган.

Ҳозирда фазога саёҳат бўйича охирги синовлар олиб борилмоқда ва йўловчилар парвозларнии 9 ойдан сўнг бошлашлари мумкин.

Олти йўловчи бир вақтда 3 соатлик ўта ҳаяжонли саёҳатни амалга ошира олади. Ердан 16 чақирим кўтарилгач учоқ ўзига бириктирилган фазо кемасини қўйиб юборади ва ундаги ракеталар 100 чақиримлик баландликка - фазо чегарасигача кўтариладилар.

Кема ерга қайта бошлашидан олдин йўловчилар бир неча дақиқа вазнсизликни ҳис қилишади.

Фазога саёҳат қилиш учун 340 киши аллақачон рўйхатга ёзилган, лекин саёҳат арзон эмас. Ҳар бир чипта 200 минг доллар туради.