Қўшма Штатлар ҳарбийлиги 'Ироқда қийноқларга кўз юмган'

2004 йил АҚШ қўшинлари тарафидан қўлга олинганлар
Image caption Ироқда қўлга олинганларга номақбул муносабат қилинганлик ҳақида илк бор хабар қилинаётгани йўқ

Махфий ҳужжатларни ошкор этишга ихтисослашган Викиликс веб-сайти Американинг Ироқ урушига бағишланган юз минглаб махфий ҳужжатларни эълон қилган.

Лондондаги матбуот анжуманида веб-сайт асосчиси Жулиан Ассанжнинг айтишича, бу ошкор этишдан мақсад - Ироқ уруши ҳақидаги ҳақиқатни юзага чиқаришдир.

Бу ҳужжатлар АҚШ ҳарбийлари қайд этиб борган ҳужжатлар бўлиб, улар "Сиг Актс" ё муҳим амалиётлар деб номланган.

Шу пайтгача махфий деб кўрилган ҳужжатларни ошкор этишга ихтисослашган Викиликс веб-саҳифаси бу гал қарийб 400 минг файлни интернетда эълон қилган.

Бу ҳужжатлардан келиб чиқадиган асосий хулоса - Америка қўмондонлари қийноқлар содир этилаётганини билганлари ҳолда ҳеч қандай чора кўрмаганлар ёки кўриб кўрмасликка олганлар.

Америка расмийлари тинч фуқаролар ўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган пайтда бу ҳақда ўзларининг маълумотлари йўқлигини айтишган, аммо қуролсиз инсонлар ўлимини қайд этиб борганлар.

Ушбу қайдларга кўра, Ироқда ҳаётдан кўз юмганлар сони 109 мингни ташкил этган, шулардан 66 мингдан зиёди қуролсиз одамлар бўлганлар.

2003 йилда Ироқ ишғоли бошланганидан кейин америкаликлар йўлларда кўплаб текшириш нуқталари ташкил этганлар, ҳозир ошкор этилишича, бу нуқталарда юзлаб инсонлар отиб ўлдирилган.

Викиликс ҳужжатларида Америка ҳарбийларининг тинч фуқаролар ўлимига сабабчи бўлгани ҳодисалари келтирилади, шундай ҳодисалардан бири 2007 йил июл ойидаги ҳодисадир.

Американинг ҳарбий тикучари одамлар гуруҳига қарата ўт отади, бунда 26 инсон ҳалок бўлган, шуларнинг ярми тинч фуқаролар бўлган.

Яна бир тикучарнинг 2 маротаба қуролсизларни ўлдиргани қайд этилган. Шулардан бири икки журналист ва икки вояга етмаганлар билан боғлиқ, бу тикучарнинг пастдаги одамларнинг журналистлар экани, қўлларидаги фотоаппаратни кўриб ҳам ўт очгани видеоси шу йил баҳорида интернетда эълон қилинган эди.

Викиликсга кўра, америкаликлар Ироқ давлат идораси ходимлари томонидан ироқликлар қийноққа тутилаётгани, айрим инсонлар электр токи билан, баъзан электр пармалагич билан қийноққа солинаётганини, баъзи ҳолларда эса ҳеч бир терговсиз, маҳкамасиз ўлдириб юборилганини ҳам билишган, аммо бу ҳолатларни инкор этганлар.

Юқори раҳбариятга йўлланаркан, бундай ҳужжатлар тепасига "текшириш талаб этилмайди" деган ёзув ёзилган.

Викиликс шу пайтгача эълон қилинмаган Ироқдаги ҳодисаларга Эроннинг алоқадор экани ҳақидаги ҳужжатларни ҳам эълон қилган, уларга кўра, Эроннинг Исломий инқилоб қўриқчилари ироқлик исёнкорларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказганлар, уларни қурол-яроғ билан таъминлаган.

Американинг муносабати

Аввал Афғонистонга доир ҳужжатлар ошкор этилган пайтида бўлгани сингари Америка расмийлари Викиликснинг навбатдаги фошларини оғриқ билан қабул қилдилар.

АҚШ Давлат котибаси бу борада Мудофаа вазирлиги муносабат билдириш ваколатидаги тизим эканини айтди, бироқ ўзининг шахсий фикри - америкаликлар ҳаётини хавф остига қўядиган ҳар қандай ошкор этилишни қоралашини айтди.

Биз америкаликлар ва уларнинг ҳамкорлари ҳаётини таҳдидга қўядиган, бизнинг ва иттифоқчиларимизнинг миллий хавфсизликларига хавф соладиган ҳар қандай ҳужжатнинг бирор бир шахс ва ташкилот томонидан ошкор этилишини кескин қоралашимиз лозим," деб айтган Америка Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон хоним.

Пентагоннинг сўзчиси Жефф Морел, бундай ошкор этилиш Американинг ҳарбий амалиётларига зиён етказиши мумкин, деб айтди.

"Викиликс томонидан ошкор этилган ҳужжатлар душманларимиз томонидан фавқулодда маълумот сифатида фойдаланилиши мумкин. Улар мазкур ҳужжатлар орқали бизнинг қандай амалиёт олиб боришимиз, тактикаларимиз, техникаларимиз ва тадбирларимиздан огоҳ бўлишлари мумкин", деб айтган Америка Мудофаа вазирлиги сўзчиси.