Ҳаитида вабо тарқалиши секинламоқда, қурбонлар сони 250дан ошди

Ҳаитидаги соғлиқни сақлаш мутасаддиларига кўра, вабо тарқалиши суръати барқарорлашмоқда. Ҳозирга қадар қурбонлар сони 250дан ортган, вабо юқтирганлар эса уч мингдан кўпроқ экани айтилмоқда.

Ёрдам ташкилотлари вабо тарқалишининг олдини олиш учун ҳаракатларини кучайтирмоқдалар.

Шанба куни мамлакат пойтахтида беш киши вабо юқтиргани аниқланган. Беморлар тезликда ташхис қўйилиб иҳоталанган.

Мулозимларга кўра, январ ойидаги зилзиладан кейин бошпанасиз қолган 1.3 миллион одамлар учун вабо жиддий хатардир.

Бошпанасиз қолганлар шаҳар атрофидаги чодирларда кун кечиришмоқда.

Санитария вазиятининг ўта абгорлиги, тоза ичимлик сув тақчиллиги вабо тарқалиши учун қулай шароит яратади.

Эпидемиянинг Ҳаити пойтахти Порт-о-Принсга томон ҳаракат қилаётганидан хавотирлар кучайган.

Ҳукумат юқумли касалликнинг янада тарқалишига йўл қўймасликка уринаётир.

Вабога чалинган минглаб одамларни даволаш учун дала касалхоналари ташкил этилмоқда, сувни тозалайдиган дастгоҳлар келтирилмоқда.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотига кўра, Ҳаитида 100 йилдан буён кузатилмаган касалликнинг асосий белгилари - ичбуруқ, ваража, қайд қилиш ва организмнинг тез суръатларда ҳолсизланишидир.

Электрон почтамиз: uzbek@bbc.co.uk

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124

Ўзбекистонда bbcuzbek.com га кириш йўли uzbekweb.net орқали