Москвада "Пётр I" ҳайкалини кўчириш талаблари кучаймоқда

Пётр I

Яқинда Москвага 18 йил ҳокимлик қилган Юрий Лужков вазифасидан бўшатилиши ортидан унинг даврида яратилган меъморий ёдгорликлар атрофида баҳс-мунозаралар кучайди.

Ҳозирда таниқли ҳайкалтарош Зураб Церетели яратган "Пётр I" ҳайкалини кўчириш режаси юзасидан тортишувлар ҳалиям қизғин давом этмоқда.

Кўпчилик москваликлар "Пётр I" ҳайкалини "Кинг-Конг", "Гулливер" ёки "Терминатор"га қиёслашади.

Улар мужассама Россия пойтахти зеб-зийнатини бузади, деган фикрни билдиришади.

"Ёқимсиз ҳайкал"

Сал кам 100 метрдан иборат "Петр I" ҳайкали дунёдаги энг банд ҳайкаллардан бири ҳисобланади.

Оғирлиги 600 тонна бўлган ушбу ҳайкал асосан кумуш, бронза ва мисдан ишланган.

Ҳайкал 1997 йил Россия денгиз флотининг 300 йиллигга бағишлаб ўрнатилган.

Мана 13 йилдирки, ҳайкал атрофида баҳс-муноазара тинмаётир.

"Мен ҳайкалга қараб, инсон шунчалар паст дидли бўладими, деб ҳайрон қоламан. Бу санъатнинг қанчалик бемаъни ва ёқимсиз бўлишига яққол бир мисол бўла олади," дейди москвалик нафақахўр Анна Васильевна.

Москвалик талаба Светлана эса "Пётр ҳайкали - ахмоқона асар," деган фикрга қарши эканини айтади.

"Менинг фикримча, биз Петр ҳайкалини ўз ўрнида қолдиришимиз лозим. Чунки бу рус маданияти, рус тарихига тегишли. Мен шахсан ҳайкал Санкт Петербургга кўчирилиши керак, деган таклифга қаршиман. Чунки у ерда император Пётрга қўйилган ҳайкаллар етарли," дейди Светлана.

Москвани 18 йил бошқарган ҳоким Юрий Лужков вазифасидан олинишидан бир ҳафта ўтар-ўтмас таниқли ҳайкалтарош Зураб Церетелининг "Петр I" ҳайкалини олиб ташлаш чақириғи янада кучайди.

Россия телеканалларида "Пётр I" биринчи мужассамасини бошқа ерга кўчиришга оид турли ғоялар кетма-кет янграй бошлади.

Image caption Президент Медведев сўнгги пайтларда Лужковга "ишончи" қолмаганини айтади

"Архнадзор" ижтимоий ҳаракати аъзоси, журналист Константин Михайловнинг айтишича, собиқ ҳоким Лужков даврида архитектура ёдгорликларини ўрнатишда, жуда катта камчиликларга йўл қўйилган.

"Энг ёмони шундаки, Юрий Лужков архитектура ёки санъатда мутахассис бўлмай туриб, ушбу соҳаларда қарорлар қабул қилишда фаол қатнашган, ҳаттоки, ижодкор бадиий фикр-ақидалаларига ўзгартиришлар киритишга ҳам аралашган," дейди журналист.

"Петр ҳайкалини кўчириш-кўчирмаслик масаласига келсак, менимча, буни янги Москва ҳукумати ҳал этади. Аммо менга қолса, Москва маркази зеб-зийнати учун ушбу ҳайкалнинг кўчирилгани яхшироқ," дея илова қилади "Архнадзор" ижтимоий ҳаракати аъзоси Константин Михайлов.

Шўролар анъанаси

Москвалик таниқли ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроевнинг фикрича, ҳайкал муаллифи Зураб Церетелининг собиқ хоким Лужков билан яқин бўлгани ҳам, у ясаган ҳайкални кўчириш эҳтимолини кучайтирган.

"Ҳокимят алмашиши билан, ҳайкалларни олиб ташлаш, кўчалар номи ўзгартириш, Россияга Шўролар давридан қолган анаъна саналади. Собиқ Совет раҳбари Иосиф Сталин мингларча инсон ўлимига айбдор деб эълон этилгандан сўнг, унинг ҳайкаллари ҳам олиб ташланганди," дейди Али Ҳамроев.

Москвадаги Миллий архитектура музейи директорининг муовини Павел Кузнецов "Петр I" ҳайкали собиқ ҳоким Юрий Лужков ҳукмронлиги рамзи эканлигига ишора этади.

"1991 йил собиқ КГБ асосчиси Феликс Джержинский ҳайкалининг Лубянка майдонидан кўчирилгани мени яхши эсимда. КГБ асосчиси ҳайкалнинг қулатилгани, Шўро даврига айтилган рамзий алвидо дегани эди. Ҳозирда "Пётр I" ҳайкалини кўчириш тарафдорлари ҳам, собиқ ҳоким Лужков даври туганини билдиришмоқчи," дейди Павел Кузнецов.

Ўз навбатда "Петр I" ҳайкали муалифи, ҳайкалтарош Зураб Церетели Би-би-си билан бўлган суҳбатда ҳайкалнинг кўчирилишини "шармандачилик," дея бахолади.

"Пётр ҳайкалини кўчириш тарафдорлари, ҳозирги авлодни бузишаяпти, улар санъат нималигини билишмайди. Ўз вақтида Париждаги Эйфелева минораси қаттиқ танқидларга сабаб бўлганди. Лекин ҳозида Парижни ушбу биносиз тасаввур этиш қийин. Вақти келиб Москвани ҳам Петр ҳайкалисиз тасаввур этиш мушкул бўлади," дейди таниқли ҳайкалтарош.

Image caption Зураб Церетели ҳайкални кўчириш ғоясини "шармандачилик," дея баҳолайди

Аммо Зураб Церетели ҳайкални кўчириш ташаббусларига эътирози йўқлигини айтади.

"Шахсан мен ҳайкални кўчиришларига қарши эмасман. Бу менинг мулким эмас, Москваники. Лекин уни кўчириш осон иш эмас. Фақат шарманда бўлишмаса, яхши," дейди ҳайкалтарош Зураб Церетели.

Айни пайтда Петр ҳайкалига Архангелск, Петрозаводск, Воронеж каби шаҳарлар маъмуриятлари расман "бошпана беришга" тайёр эканликларини билдирганлар.

Бироқ улкан ҳайкални бошқа жойга кўчириш ҳам катта маблағ тақозо этади.

Экспертларга кўра, ҳайкални бошқа жойга кўчиришга камида 30 миллион АҚШ доллари зарур бўлади.