Покистон шарқидаги сўфийлар қадамжосига ҳужумда камида 6 одам ҳалок бўлди

Портлашдан кўп ўтмай
Image caption Покистондаги қадамжоларга сўнгги пайтларда ҳужумлар кўпайди

Покистон шарқидаги суфийлар қадамжосига уюштирилган ҳужумда камида олти киши қурбон бўлган. Кўплаб кишиларга тан жароҳати етган.

Бомба қадамжо эшиги тагида портлатилган. Портлаш оқибатида яқин-атрофдаги дўконларга зиён етган, аммо қадамжо деярли зарар кўрмаган.

Мулозимларнинг айтишларича, бомба қадамжога кираверишда ташлаб кетилган мотоциклга ўрнатилган бўлган.

Ҳодиса Пак Патан туманида юз берган. Бомба бомдод намозидан қисқа вақт ўтмай портлаган. Қадамжода юзлаб одамлар бўлишган.

Бу - ўтган яқин ойлар ичида суфий қадамжоларига қарши уюштирилган учинчи йирик ҳужум.

Толибон дохил бир қанча Исломий жангари гуруҳлар суфийларнинг қадамжоларида тоат-ибодат қилишни Исломга зид амал, деб ҳисоблашади.

Шу сабабдан ҳам, улар Покистондаги бу каби қадамжоларни ўзлари нишонга олажак объектлар рўйхатига киритган кўринади.