Россияда ирқчи қотил умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди

Image caption Россияда ирқчилик охирги йилларда тобора кўпроқ бўй кўрсатаётгани айтилади.

Россияда ирқчилик асосида 15 инсонни ўлдирган Василий Кривец умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Маҳкама шунингдек Кривецга ярим миллион доллардан кўпроқ жарима тайинлади ва қурбонларнинг оилаларига товон тўлашни буюрди.

Кривецга қотилликларда шерик бўлган Дмитрий Уфимцевга 22 йиллик қамоқ жазоси белгиланди.

Россия матбуоти хабарларига кўра, уларнинг иккиси ҳам "Оқ бўрилар" номли ирқчи гуруҳ аъзолари бўлишган.

Тергов хулосасига кўра, Кривец Москвада энг шафқатсиз ёшлар ташкилотини тузишга муваффақ бўлган.

Гуруҳ аъзолари Марказий Осиё, Қавқоз ва Туркиядан муҳожирларни нишонга олганлар.

Пичоқ, темир труба ва болғалар билан қилинган бу ҳужумлар мобил телефон орқали тасвирга туширилиб, кейинчалик Интернет орқали тарқатилган.

Кривецнинг Тожикистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия ва Россия фуқаролари бўлган 15 шахснинг ўлимида иштироки маҳкамада ўз тасдиғини топди.

Дмитрий Уфимцев беш қотилликда қўли борлигини тан олган, аммо Василий Кривец ўзига қўйилган айбларнинг ҳаммасини рад этган.