НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен расмий сафар билан Москвага борди

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен
Image caption Андерс Фог Расмуссен НАТО ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг тубдан яхшиланишига умид билдирган

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен расмий сафар билан Москвага ташриф буюрган.

Андерс Фог Расмуссен Кремлда Президент Дмитрий Медведев билан учрашган.

Музокараларда Овроатлантика хавфсизлиги ҳамда Афғонистон мавзулари марказий ўрин эгаллаган. Кузатувчилар НАТО ва Москва ҳамкорликлари фаолашаётганини таъкидлашади.

Яқинда НАТО ва Россия кучлари ўтказган қўшма амалиёт натижасида Афғонистон ҳудудида гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарувчи лабораториялар йўқ қилингани хабар қилинганди.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен иттифоқ ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг тубдан яхшиланишига умид билдирган.

Жаноб Расмуссеннинг Москвага сафари НАТОнинг Лиссабонда ўтажак саммити олди кузатилмоқда. Йиғинни 19-20-чи ноябр кунлари ўтказиш режаланган.

Ушбу Лиссабон саммити Россия ва НАТО муносабатларида янги саҳифани очиши мумкинми? Би-би-си бу ҳақда Россия Фанлар Академияси Халқаро Хавфсизлик Маркази катта ходими Владимир Евсеевни суҳбатга тортган:

Владимир Евсеев: Биринчидан, бизнинг Афғонистон бўйича режаларимиз бор. Россия бу масалада ҳам НАТО билан ва ҳам Афғонистон билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилмоқда. Яқинда дастлабки ИЛ-76 учоғи Афғонистон Ички ишлар вазирлигига қурол-яроқ етказиб берди. Айни шундай учоқлардан ўн бештасида ўқ отар қурол-яроқлар берилиши режаланган. Россия аллақачон Афғонистон Ҳаво Кучларига МИ-17 русумли 30 вертолётни етказиб берди. Бу олди-сотди тижорий асосда амалга оширилди. Бундан ташқари яна 21 та вертолёт олди-сотдиси бўйича битим имзоланган. Аммо бу вертолётлар пулини бериш бўйича АҚШ Сенати рухсати керак. Чунки, вертолётлар пулини АҚШ мудофа вазирлиги тўлайди. Шу билан бирга Россия орқали ҳаво ва ер транзитлари ўтади. Яқинда Афғонистон ҳудудида гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарувчи тўртта лаборатория бузиб ташланди. Хуллас, Афғонистон масаласида ҳамкорликлар анча яхши бораяпти.

Би-би-си: НАТО Афғонистонда узоқ қолмаслигини айтаётган экан, Россия ва НАТОнинг бу масаладаги ҳамкорлиги узоққа чўзилмаса керак... Кейин нима бўлади?

Владимир Евсеев: Хўш, НАТО ва Россия ҳамкорлигига қайси масалалар тўғаноқ бўлмоқда... Лиссабонда Оврўпода ракеталардан ҳимояланиш тизимини яратиш масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда. Бу соҳада мавжуд умумий хавфни бартараф этиш учун ўзаро мувофиқлашув зарур деган фикрдаман. Айни масалада тарафлар ўртасида жиддий тушунмовчиликлар бор. НАТОга аъзо аксар давлатлар Эрон Исломий Республикасидан ракета хавфи бор ва ундан ҳимояланиш керак, деб ҳисоблашади. Бунинг учун, уларнинг ишонишича, Оврўпода Ракеталардан ҳимояланиш тизими барпо этилиши зарур. Аммо, Россия бундай қарашларга тўла қўшила олмайди. Айнан мана шу келишмовчилик асосида Оврўпода ракеталардан ҳимояланиш тизимини яратиш масаласи ҳал этилади. Ҳозиргача НАТО ва Россия ўртасида баллистик ракеталарни учириш бўйича маълумот алмашиниш марказларини яратиш шартномасига эришилган. Бундай марказлардан бири Москвада иккинчиси Брюсселда бўлади. Ишни мана шу нуқтадан бошлаганларида ҳам, аллақачон ҳамкорликлар турган жойидан жилган бўларди, деб ўйлайман.

Би-би-си: Москва ва Брюссел ўзаро мулоқотни қайси мавқеъдан туриб олиб боришади деб ўйлайсиз?

Владимир Евсеев: Британия ва Франция ўртасидаги сўнгги ҳарбий ҳамкорлик шартномаси Оврўпо хавфсизлиги тизимининг буткул ўзгарганини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан олганда Россия фақат Овроатлантик хавфсизлик битимига эътибор қаратиб қолмаслиги керак. Менимча, илгари кетиш ва НАТО билан нормал мулоқотни йўлга қўйиш зарур. Аввалига умумий манфаатлар тўқнаш келган нуқталар топилиши зарур, ана ундан кейин ҳамкорликни босқичма-босқич ривожлантириш мумкин бўлади.