Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Муҳаммад, Маҳмуд, Аҳмад, Моҳаммад, Маҳамед...

Сўнгги тадқиқот натижаларидан аён бўлишича, Муҳаммад Британияда энг машҳур исмга айланган.

Машҳурлик бобида бор-йўғи икки йил аввал учинчи ўринда бўлган Муҳаммад исми кўпчиликни ҳайратга солиб, бир йилнинг ўзида биринчи ўринга чиққан.

Шундай қилиб, ўтган йил Британиядаги аксарият ота-оналар ўз фарзандларининг исмини Муҳаммад, деб қўйишга қарор қилишибди.

Бунинг ортидан Муҳаммадларнинг сони Жакларни ортда қолдириб кетибди.

Хабарнинг шов-шувли жиҳати шундаки, Жак Британияда ўтган 14 йил бадалида энг оммабоп исм бўлган.

Тадқиқот натижаларига кўра, ўтган йили етти ярим мингдан ортиқ чақалоққа Ислом дини пайғамбарининг исми берилган.

Иккинчи ўринни эса, Оливерлар эгаллашган.

Лекин бир нарсани таъкидлаш керакки, расмий рўйхатда айнан Муҳаммад деган исм машҳурлик бобида 16-ўринда.

Аммо Маҳмуд, Аҳмад, Моҳаммад, Маҳамед, Муҳаммед каби турли талаффуздагилари билан қўшиб ҳисоблаганда, унинг олдига тушадигани йўқ экан.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, авваллари Британияда ҳеч қачон бундай бўлмаган.

Қандай шаклда талаффуз этилишига қарамай, ўтган 10 йил ичида Муҳаммад деб номланган чақалоқларнинг сони икки баробарига ортиб кетган.

Кўплар томонидан Муҳаммаднинг дунёдаги энг машҳур исмлардан бири экани ҳам айтилади.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Британия аҳолисининг 5 фоизга яқинини мусулмонлар ташкил этишади.

Мусулмонлар орасидаги туғиш кўрсаткичлари эса, мусулмон бўлмаганлар билан таққослаганда 2-3 баробар кўп экани айтилади.

Хўш, Британия аҳолиси орасида Муҳаммад исми нега бунчалар машҳур? Бу Ислом дини пайғамбарининг исми экани билан боғлиқми ёки маъноси сабабми?

Биз ушбу савол билан ўзбекистонлик таниқли мусулмон уламоси Обидхон қори Назаровга мурожаат қилдик.