'Дунё гўзали': Кампирнинг дарди ғозада, кимнинг дарди нимада?

Ҳар йилгидек, бу йил ҳам турли хил зиддиятлару, машмашалар манзарасида қўшни Хитойда "Дунё гўзали" танлови бўлиб ўтган.

Халқаро танлов арафасида роса ғолиб чиқиши башорат қилинган Норвегия гўзали қолиб, Америка вакиласига "Дунё гўзали" тожи насиб этган.

"Дунё гўзали" танлови бу йил ўзининг 60 йиллик санасини ҳам нишонлаган. Жаҳонда бу каби узоқ тарихга га бўлган тадбирлар эса, саноқлидир.

Шундай қилиб, аниқ "Дунё гўзали" бўлиши башорат қилинган Норвегия вакиласи, ҳатто, юқори бешликка киролмаган бир пайтда, йўқ ердан Америка гўзали улоқни илиб кетган.

Мазкур ҳолат танлов ҳакамлар ҳайъатининг мезбон Хитойнинг босими остида қолганига оид гап-сўзларга сабаб бўлган.

Хитой эса, Норвегиядада жойлашган Нобель қўмитасининг сўнгги қароридан ғазабда.

Халқаро қўмита шу ой бошида ўзининг нуфузли Тинчлик мукофотини хитойлик диссидент Лю Сяобога бериб, боши балода қолган.

Иккинчи ўрин Ботсвана, учинчиси эса, Венесуэла гўзалига насиб этган.

Британияликлар эса, тўрт вакиласидан бирортасининг юқори бешликка киролмаганидан фиғони фалакда.

Бу йилги "Дунё гўзали" танлови аслида Вьетнамда бўлиб ўтиши керак эди.

Аммо танлов учун мўлжалланган ернинг ноёб табиий ҳудуд экани ва танлов сабаб, маҳаллий аҳолисининг мажбуран бошқа жойга кўчирилаётгани аввалбошдаги режаларни барбод этган.

Бу каби машмашалар манзарасида халқаро танловга мезбонлик саккиз йилнинг ичида бешинчи бор Хитойга насиб этган.

Нигериядаги газетлардан бирининг, "Муҳаммад пайғабар тирик бўлганларида, танлов иштирокчиларидан бирини хотинликка олган бўлишлари"га оид сўзлари ҳам бундан аввал "Дунё гўзали" танловининг сўнггига келиб Хитойга кўчирилишига сабаб бўлганди.

Афғонистон, Покистон каби исломий давлатларда эса, қизларнинг бу каби танловларда қатнашишлари лозим кўрилмайди.

Аммо Малайзия, Индонезия каби мусулмон давлатлари ҳам худди шундай мавқеъда эсалар-да, қизларининг гўзлаллик танловларида иштирок этишларига инсон ҳуқуқлари ва фуқаровий эркинлик масаласи сифатида қараб келишади.

Буёғи Хитой ва Япония орасидаги ҳали орол, ҳали балиқчилар кемаси сабаб келиб чиққан сиёсий можаролар ҳам халқаро танловга таъсир этмай қолмаган.

Япония гўзали саҳнага чиққан пайтда, аксарияти хитойликлардан томошабинлар орасида уни олқишлаганлар бармоқ билан санарли бўлган.

"Дунё гўзали" танловини ҳар йили бутун дунё бўйлаб бир миллиардга яқин одам томоша қилади.

Танлов оммабоплиги бобида, ҳатто, "Коинот гўзали"ни ҳам ортда қолдириб кетган.

Бу каби танловлар 21-асрга хос эмас, деган айбловларга қарши туриш учун эса, ғолибалар йил давомида фақат хайрия ишлари билан банд бўлишади.